08:49 / 19.08.2023
2529

Ўзбекистон давлат органлари чегараларни бошқариш дастури доирасида ҳомийлик ёрдамини олди

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга кўмаклашиш дастури (БОМCА 10) Ўзбекистоннинг қатор давлат органлари эҳтиёжлари учун умумий қиймати 213 352 евро миқдорида ҳомийлик ёрдамини ажратди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Жумладан, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига паспорт ўқиш мосламалари, ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текшириш учун мўлжалланган «Регула» мосламалари, шунингдек, 1003М-14 русумли ихчам лупа қурилмалари топширилди. Тақдим этилган ускуналарнинг умумий қиймати 154 050 еврога тенг.

Божхона қўмитасининг божхона институти умумий қиймати 39 070,81 евро бўлган компьютер ускуналари билан таъминланди, унда дастурий таъминотга эга сервер - ўқув жараёнини бошқариш бўйича ахборот тизими учун иш станцияси, ўқув жараёнини мультимедиа визуализация қилиш учун интеграциялашган ахборот тизимлари дастурий таъминотга эга сервер ва LCD-экран мавжуд.

Тақдим этилган жиҳозлар замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда республика ташкилотларининг техник имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Top