16:18 / 24.08.2023
28398

Газ қуйиш шохобчаларида навбатлар юзага келди — Энергетика вазирлиги муносабат билдирди

Вазирликнинг таъкидлашича, метан «заправка»ларга табиий газ тўлиқ етказиб берилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда метан «заправка»ларда навбатнинг узайиб бораётгани, бунга бир қатор «заправка»ларнинг ёпиқлиги сабаб бўлаётгани, мазкур вазият метан газ нархининг ошишидан дарак бўлиши мумкинлиги ҳақида турли хабарлар тарқаляпти. Энергетика вазирлиги бундай даъволарни рад қилди. 

Қайд қилинишича, барча метан «заправка»ларга август ойи учун уларнинг талабларига асосан, белгиланган лимитга кўра, табиий газ тўлиқ етказиб берилган. Ҳеч қандай чеклов киритилмаган. Агар қайсидир метан «заправка» ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб турган бўлса, демак, бу қандайдир техник сабаблар ёки бошқа бир омил туфайли бўлиши мумкин. 

Вазирликнинг таъкидлашича, метан «заправка»ларда сотиладиган бир куб газ учун белгиланган нарх ошгани йўқ. 

«Аҳоли ва бошқа тоифадаги истеъмолчилар қонунчиликда ўрнатилган тартибда белгиланган муддатларда табиий газ нархининг оширилиши ҳақида аввалдан огоҳлантирилади», дейилади баёнотда. 

Вазирлик агар «заправка»ларда газ нархи асоссиз оширилса, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига мурожаат қилишни тавсия этмоқда. 

Top