14:22 / 29.08.2023
6836

Бухоро, Самарқанд ва Хоразмдаги мактабларда янги ўқув йилига энг яхши тайёргарлик кўрилган 

Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари мактабларида янги ўқув йилига энг яхши тайёргарлик кўрилган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова маълум қилди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан Республикадаги умумтаълим мактабларнинг 2023-2024 ўқув йилига тайёргарлиги Ўзбекистон Республикаси “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуни доирасида ўрганилди.

Республикадаги жами 9978 та умумтаълим мактаблардан 7039 тасида 2023-2024 янги ўқув йилига тайёргарлиги, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (СанҚваН) риоя қилиниши устидан назорат ўтказилди.

Жорий йилнинг бугунги кун ҳолатига кўра ўрганилган умумтаълим мактабларидан жами 5398 таси янги ўқув йилига тайёр ҳолатга келтирилган,  1612 тасида тайёргарлик ишлари давом этмоқда, 29 тасида таъмирлаш, жиҳозлаш, тайёргарлик ишлари олиб борилмаётгани аниқланди. 

Ҳудудлар кесимида янги ўқув йилига энг яхши тайёргарлик Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида кўрилган.

Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида, умумтаълим мактаблари раҳбарларига кўрсатма ва тавсиялар берилган. Мактаб ҳудудларда ободонлаштириш ишларини олиб бориш бўйича 1881 та, томларни таъмирлаш бўйича 345 та, синф хоналарни таъмирлашга 847 та, ертўлаларни таъмирлашга 96 та, иситиш тизимини таъмирлашга 847 та, ҳожатхоналарнинг санитария ҳолатини яхшилаш бўйича 1290 та, ошхоналарнинг санитария ҳолатини яхшилаш бўйича 885 та кўрсатма ва тавсиялар белгилаб берилди.  

Умумтаълим мактабларда санитария қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 2752 нафар масъул шахсга нисбатан маъмурий чоралар (жарималар) қўлланган, 78 та умумтаълим мактаблар иш фаолияти вақтинча тўхтатилган, 1768 нафар ишчи-ходимлар тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтмагани сабабли ишдан вақтинча четлаштирилган.  

Top