08:16 / 04.09.2023
3236

Ўзбекистонда Нидерландия суғориш усуллари ва ҳосил йиғиш технологиялари жорий этилиши мумкин

Ҳаага шаҳрида Ўзбекистон-Нидерландия сиёсий маслаҳатлашувлари ўтказилди.

2023 йил 30 август куни Ҳаага шаҳрида Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг иккинчи раунди бўлиб ўтди, деб хабар қилади “Дунё”.

Фото: Дунё АА

Тадбир давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм, маданий-ҳуманитар ва парламентлараро муносабатларни жадаллаштириш, ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш, халқаро институтлар доирасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Музокаралар чоғида ташқи савдо айланмасини ошириш, унинг таркибини диверсификация қилиш, Нидерландия компаниялари ва уюшмалари билан биргаликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар таҳлил қилинди.

Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Нидерландиянинг самарали суғориш усуллари ва ҳосил йиғишнинг янги технологияларини Ўзбекистонда жорий этиш орқали экинлар ҳосилдорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда минтақавий ва халқаро кун тартибининг айрим масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг илк раунди 2015 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган.

Top