20:55 / 09.09.2023
11630

Қозоғистонда блогерлар тўғрисидаги қонун кучга кирди 

Қонун онлайн платформалар ва блогерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беради. 

Фото: Владислав Воднев

Блогерлар тўғрисидаги Қозоғистон қонуни оммавий ахборот воситаларида расмий эълон қилинганидан 60 кун ўтгач, яъни 9 сентябрдан кучга кирди. 

Қонун онлайн платформалар ва блогерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беради. Хусусан, интернет тармоғида сохта маълумотларни тарқатганлик учун мавжуд жиноий жавобгарлик билан бирга маъмурий жавобгарлик ҳам жорий этилмоқда. 

Онлайн платформаларнинг оддий фойдаланувчилари учун жарима 20 та ойлик ҳисоб кўрсаткичи (2023 йилда 69 минг тенге ёки 1,8 млн сўм), тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи блогерлар учун эса 40 та ОҲК (2023 йилда 138 минг тенге ёки 3,6 млн сўм) миқдорида белгиланган. 

Онлайн платформалар интерфейси ва модерациясига миллий тилни жорий этиш ҳам режалаштирилмоқда. Бу ижтимоий тармоқ алгоритмларига қозоқ тилидаги контентни модерация қилиш имконини беради. 

Шунингдек, онлайн платформа эгалари ёлғон маълумотлар ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қарши курашда давлат органлари билан ҳамкорлик қилиши талаб этилади. 

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида реклама жойлаштирган қозоғистонлик блогерлар тадбиркор сифатида расман рўйхатдан ўтиши керак бўлади. 

«Бунинг учун интернет тармоғида ресурсдан фойдаланувчилар сонини аниқлаш дастурини ўрнатиш ва маҳаллий ваколатли орган билан ўзаро ҳамкорлик қилувчи қонуний вакилни тайинлаш талаби киритилмоқда. Агар онлайн платформаларда ноқонуний контент аниқланса, қонуний вакилга уни олиб ташлаш ҳақида хабар берилади. Агар бу талаб бажарилмаса, ваколатли орган онлайн-платформа фаолиятини чеклаш ҳуқуқига эга», деб тушунтирди парламент депутати Анас Баккўжаев. 

Шунингдек, интернет сайтлари фойдаланувчилари ўз саҳифаларида жойлаштирилган онлайн рекламани маркировка қилиши ва умуман, ўз фаолиятини Тадбиркорлик кодексига мувофиқ олиб бориши шарт. 

Top