07:54 / 25.09.2023
19237

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро савдо кўрсаткичини 10 млрд долларгача оширмоқчи

Охирги 6 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо ҳажми қарийб 2,5 баробар ошиб, 4,6 миллиард долларни ташкил этди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Жорий йилнинг 22 сентябр куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, мулоқот чоғида томонлар жорий қўшма лойиҳа ва келишувларни амалга ошириш жараёни, шунингдек, икки томонлама савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини атрофлича кўриб чиқди.

Томонлар икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми ўсишининг ижобий динамикасини қайд этди. Охирги 6 йилда бу кўрсаткич қарийб 2,5 баробар ошиб, 4,6 миллиард долларни ташкил этди. Шу нуқтайи назардан, ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ва кўламини кенгайтириш юзасидан вазифалар белгиланди.

Озиқ-овқат, тўқимачилик, автомобил, электр жиҳозлари, қора металлар, нефт-газ маҳсулотларини етказиб бериш ҳисобига савдо кўрсаткичларини яқин йилларда 10 миллиард долларгача ошириш бўйича қўшимча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Жорий йилнинг баҳорида ташкил этилган ва ўтган ойларда 1,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишга муваффақ бўлган қўшма ташқи савдо компанияси бунга ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.

Top