13:03 / 30.09.2023
56270

Автомобил ичидаги «бомба». Газбаллонларидан хавфсиз фойдаланишда нималарга эътибор бериш керак?

Бухоро шаҳрида ҳаракатсиз ҳолатда турган Cobalt автомобилининг газбаллони портлади. Бу каби ҳодисалар Ўзбекистонда тез-тез содир бўлиб туриши ҳеч кимга сир эмас. Хўш, автомобилга ўрнатилган газбаллон нега портлайди? Бундан қандай ҳимояланиш керак? Шу ҳақида эксперт фикрлари билан танишамиз.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Мамлакатимизда мавжуд автотранспорт воситаларининг бугунги кундаги сони бундан 10 йил аввалги сони билан таққосланганда, бир неча маротабага кўпайганини кўришимиз мумкин.

Ҳаммамизга маълумки, кейинги йилларда фуқароларимиз томонидан аксарият автотранспорт воситалари билан ҳаракатланишда нисбатан арзон ҳамда экологик тоза ёқилғи тури бўлган сиқилган табиий газдан кенг фойдаланилмоқда.

Бироқ аҳолимизнинг автотранспорт воситаларида газбаллонларидан фойдаланиш талаб ва тартибларни билмаслиги, айрим ҳолатларда  бепарволиги натижасида газбаллонлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар сони йилдан йилга кўпаяётганини кўришимиз мумкин.

Ушбу бахтсиз ходисалар инсон ҳаёти ва саломатлигига, айрим ҳолатларда инсонлар ўлимига сабаб бўлаётгани эса ачинарли ҳолатдир.

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида

Ёнғин-техникавий экспертизаси лабораторияси мавжуд бўлиб, ушбу лаборатория томонидан ҳал этиладиган масалалардан бири ҳам айнан автотранспорт воситаларида газбаллонлари билан боғлиқ ёнғинлар келиб чиқиш сабабини аниқлаш ҳисобланади.

Лабораториямиз томонидан ўтказилган кўплаб тадқиқотлар давомида автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларида газбаллонларини тўлдиришда ўрнатилган талаб ва қоидаларнинг бузилиши, газбаллони ускуналарининг бириккан жойлари зичлигининг бузилиши, шунингдек, жисмонан ва маънан эскирган газбаллонларидан фойдаланиш, автотранспорт воситасининг ва уларга ўрнатилган газ ускуналарининг техник носозлиги, ўрнатишда талаб ва қоидаларга амал қилинмаслик натижасида автотранспорт воситаларида бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётгани аниқланмоқда.

Ҳаммамизга маълумки, сиқилган табиий газбаллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларидан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Бунинг учун нафақат ҳуқуқ тартибот органлари, балки фуқароларимизнинг ўзлари ҳам курашишлари зарур бўлади. Табиий газнинг специфик характерини ҳисобга олиб, табиий газбаллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларидан фойдаланишда бу тўғридаги барча ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилиш зарур.

Ушбу соҳада фаолият юритувчи эксперт сифатида автотранспорт воситаларидан фойдаланувчи юртдошларимиз қуйидагиларга эътибор қаратиши зарур:

Аввало, сиқилган табиий газбаллонлари билан жиҳозланган транспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириб юриш ва унинг созлигини таъминлаш автомобилдан хавфсиз фойдаланишнинг асосий гарови ҳисобланади. Автотранспорт воситасининг носозлиги натижасида содир бўладиган йўл-транспорт ҳодисалари газбаллонларининг портлаши, ёниши каби фожиали ҳолатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Автомобилларга ўрнатилган газбаллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.

Жумладан, газбаллонларнинг фойдаланиш муддати 15 йил ёки 15000 маротаба газ қуйиш деб белгиланган бўлса-да, аммо уни сақлаш ва ишлатиш шароитидан келиб чиқиб, бу муддат камроқ бўлиши мумкин.

Мисол тариқасида шуни келтириш мумкинки, одатий ҳолатларда ҳар сафар автомобилимиздаги газбаллонини газ билан тўлдирганимизда, баллон босимдан кўзга кўринмас ҳолда шишади ва автомобилнинг двигатели ишлаши жараёнида газбаллони жойига қайтади, шу тариқа йиллар давомида баллонга газ қуйишда шишиб, сўнг ўрнига қайтиб даврийлик цикли ўтиб боради.

Автотранспорт воситасига ўрнатилган газбаллонларининг даврийлик цикли газбаллонга бир йилда неча марта газ қуйиш кераклигини англатади. Бу кўрсаткич ишлаб чиқарувчилар томонидан қайд этилади ҳамда бундан кўпроқ газ қуйиш баллоннинг ишлатиш даврининг камайишига олиб келади.

Агарда, ушбу баллонда завод томонидан деффекти бўлган тақдирда ёки уни ишлатиш жараёнида баллонга зарар етказиш оқибатида унда микроёриқ пайдо бўлган бўлса, унинг босимга чидамлиги тушиб кетади ва портлашга олиб келади (норма 20мПа бўлса, деффект ҳисобига чидамлилиги 10мПа бўлиб қолиши мумкин). Ушбу ҳолатлар газбаллонлар юқори босим остида (опрессовка) синовдан ўтказилиши жараёнида аниқланади.

Техник талабларга кўра, автотранспорт воситаларига ўрнатилган барча баллонлар белгиланган талабларга мувофиқ сиқилган табиий газбаллонлар (метан) – 3 йилда 1 марта ҳамда суюлтирилган газбаллонлари (пропан) – 2 йилда 1 марта юқори босим остида (опрессовка) синовдан ўтказилиши керак. Акс ҳолда, бу ҳам битта бахтсиз ҳодисанинг сабаби бўлиб хизмат қилади.

Ўрнатилган қоидаларга асосан, сиқилган табиий газ (СПГ) учун максимал ишчи босими 20 МПа, суюлтирилган нефть гази (СНГ) учун максимал ишчи босим 1,6 МПа белгиланган. Шу сабабли, автотранспорт воситасига ўрнатилган газбаллонларни тўлдиришда ундаги босим ўрнатилган босим меъёридан ошиб кетмаслигини назорат қилиш зарур, босимнинг меъёрдан ортиши газбаллонининг ишдан чиқишига, микроёриқларнинг пайдо бўлишига, натижада портлашга олиб келиши мумкин.

Газбаллонлар фақат тегишли билим ва кўникмага эга бўлган мутахассислар томонидангина ўрнатилиши лозим. Газ ускуналарининг ўрнатилишида стандарт хавфсизлик клапанлари бўлиши керак. Тадқиқотлар давомида арзон ва қўлбола хавфсизлик клапанлари тезда ишдан чиқиши мумкинлиги кўп бора аниқланмоқда.

Автотранспорт воситасига ўрнатилган газбаллонларини эксплуатация жараёнида баллонлар транспорт воситаларида ташиладиган юк таъсирида, доимий механик ёки кимёвий таъсирга дучор бўлмаслиги ёки ҳаракатда ишқаланиш натижасида шикастланмаслиги лозим.

Шу билан бир вақтда баллоннинг ташқи юзасига сув, вақти-вақти билан сувда қолиши ёки йўл шароитида сув сачраши, музнинг эришига ҳисса қўшадиган туздан фойдаланиш шароитида газбаллонларга сачраши, мунтазам ултрабинафша қуёш нурининг тушиши, агрессив кимёвий воситалар (эритувчилар, кислоталар, ўғитлар), автомобил суюқликлари, шу жумладан бензин, гидравлик суюқликлар, гликол ва мойларнинг тушиши баллонларга зарарли таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли, мазкур ҳолатларнинг юзага келишидан юртдошларимиз эҳтиёт бўлишлари зарур.  

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сиқилган табиий газбаллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларидан хавфсиз фойдаланиш мақсадида қуйидагиларни тавсия этилади:

- сиқилган табиий газбаллонлари билан жиҳозланган транспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириш ва унинг созлигини таъминлаш;

- қўлбола ёки синовдан ўтказилмаган газбаллонлардан фойдаланмаслик;

- сиқилган табиий газбаллонларининг газ узатиш мосламалари соз бўлишини таъминлаш;

- газбаллонга меъёрдан ортиқ газ қуймаслик;

- газбаллонларнинг ўрнатилишида малакали мутахассис хизматидан фойдаланиш;

- автомобилга ўрнатилган баллонларнинг металл белбоғлари, кузов ёки бошқа металл билан ишқаланишига йўл қўймаслик;

- автотранспорт воситаларига ўрнатилган барча баллонлар белгиланган талабларга мувофиқ сиқилган табиий газбаллонлар (метан) – 3 йилда 1 марта ҳамда суюлтирилган газбаллонлари (пропан) – 2 йилда 1 марта юқори босим остида (опрессовка) синовдан ўтказилишини таъминлаш.

Х. Сулаймонова номидаги Республика
суд экспертизаси марказининг
Ёнғин техникавий экспертизаси
лабораторияси мудири

Рустемов Якубжон Киямович

Top