11:53 / 14.05.2024
4371

«Автомобил йўллари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди 

Ҳақ тўланадиган автомобил йўллари соҳасидаги муносабатлар алоҳида қонун билан тартибга солинади. 

Фото: Kun.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Автомобил йўллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Қонун автомобил йўлларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш чоғида юзага келадиган муносабатларни тартибга солади. Қонун Ўзбекистондаги мулкчилик шаклидан ва аҳамиятидан қатъий назар барча автомобил йўлларига нисбатан татбиқ этилади.

Автомобил йўллари тўғрисидаги қонунчилик ушбу қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир. Ҳақ тўланадиган автомобил йўллари соҳасидаги муносабатлар алоҳида қонун билан тартибга солинади. Агар Ўзбекистон халқаро шартномасида Ўзбекистон автомобил йўллари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланади.

Автомобил йўллари соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:

  • қонунийлик;
  • илмийлик;
  • очиқлик ва ошкоралик;
  • хавфсизлик;
  • экологик хавфсизликнинг ва атроф-муҳитни муҳофаза қилинишининг устуворлиги.

Автомобил йўллари соҳасида давлат бошқаруви Вазирлар Маҳкамаси, Транспорт вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистонда автомобил йўллари қуйидагича таснифланади:

  • умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари;
  • шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари;
  • хўжалик автомобил йўллари.

Автомобил йўллари бутун узунлиги ёки айрим қисмларининг иқтисодий, маъмурий аҳамияти ва вазифасига кўра Iа, Iб, II, III, IV ва V тоифаларга бўлинади:

Iа – шаҳар ва пойтахтларни боғловчи магистраль йўллар ва I-II синф аэропортларга олиб борувчи йўллар;
IIб – йирик шаҳарларни айланиб ўтиш йўллари  ва ҳалқа магистраль йўллар, йирик шаҳарларга кириш йўллари ва оммавий дам олиш жойлари ва тарихий ёдгорликларга олиб борувчи йўллар;
II – шаҳарларни айланиб ўтиш йўллари ва ҳалқа магистраль йўллар, магистраль йўллар, шаҳарларга кириш йўллари, туман ва шаҳар марказларини боғловчи ҳамда III-IV синф аэропортларга олиб борувчи йўллар;
III – шаҳарларга кириш йўллари;
IV ва V –  маҳаллий йўллар.

Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлининг номи ушбу йўл ўтган ҳудудлар (давлатлар, шаҳарлар ва аҳоли пунктлари) номланишидан келиб чиқиб белгиланади. Умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари қуйидаги уч белгидан иборат идентификация рақамига эга бўлади:

  • биринчи белги – умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларининг аҳамиятини англатувчи  D (давлат) ва M (маҳаллий) ҳарфлар;
  • иккинчи белги – Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга тегишлилигини англатувчи 1 дан 13 гача бўлган икки хонали сон;
  • учинчи белги – автомобил йўлининг шу ҳудуддаги тартиб рақамини англатувчи уч хонали сон.

Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини молиялаштириш Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Автомобил йўлларини сақлаш мазкур йўллар қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар томонидан таъминланади.

Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида махсус ваколатли орган билан келишмасдан қуйидагиларни амалга ошириш тақиқланади:

  • автомобил йўлларини каналлар, алоқа ва электр энергияси узатувчи тармоқлар, нефт ва газ ўтказувчи қувурлар ҳамда темирйўллар билан кесиб ўтиш;
  • кўприклар ва сув қувурлари яқинида мелиорация ҳамда бошқа мақсадлар учун дарёлар ва зовурларнинг ўзанларини чуқурлаштириш;
  • автомобил йўлига қўшилиб кетган шлюзлар, тўғонлар ва бошқа мелиорация ҳамда гидротехника иншоотларини таъмирлаш;
  • ажратилган минтақада йўл ахборотига алоқаси бўлмаган реклама пештахталари, пешлавҳалар, эълонларни шартномасиз ўрнатиш ва жойлаштириш;
  • автомобил йўлларининг четларида, йўл кўтармалари ёки ўймалари қияликларида жойлашган фойдаланишдаги алоқа ва электр энергияси узатиш тармоқларини таъмирлаш;
  • ажратилган минтақада кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш (йўл ташкилотлари бундан мустасно);
  • дарёлар ва каналлардаги кўприклар ости қирғоқларда туриб ўлчов ва бошқа ишларни ташкил қилиш;
  • автомобил йўлларида спорт мусобақалари ва оммавий тадбирлар ўтказиш;
  • автомобил йўлларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қуритиш мақсадларида фойдаланиш;
  • оғир вазнли, катта габаритли ва хавфли юкларни ташиш.
Top