20:36 / 01.10.2023
18285

Британия мудофаа вазирлиги: Россия яна бир неча йиллик урушга тайёрланмоқда

Британия ҳарбий разведкаси Украинадаги уруш бўйича ҳар кунги шарҳида РФ ҳукумати «Украинада яна бир неча йил давом этувчи жангларга тайёрланаётгани» ҳақида қайд этган.

Фото: Getty Images

Буюк Британия мудофаа вазирлиги РФнинг 2024 йил учун бюджет лойиҳасига асосланиб шундай хулосага келган, олдинроқ Bloomberg агентлиги мазкур лойиҳа билан танишганди. У, хусусан, 2024 йилда бюджетнинг мудофаа учун харажатлари ҳозирги ЯИМнинг 3,9 фоизидан 6 фоизгача ошиб, 6,4 триллион рублдан 10,8 триллион рублга етказилишини кўзда тутади.

Шарҳ муаллифлари ҳисоблашича, катта эҳтимол билан, Россия 2024 йил давомида мудофаа харажатларини бундай миқёсга етказиши мумкин, аммо фақат иқтисодиётнинг бошқа секторлари ҳисобига. 

Британия ҳарбий разведкаси қайд этишича, Россия мудофаа харажатлари ҳақидаги тўлиқ маълумотлар ҳамиша махфийлаштирилган бўлса-да, ошкор этилган маълумотлар Россия яна бир неча йил давом этадиган урушга тайёрланаётгани ҳақида гапиришга имкон беради.

  • РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу сентябр ойи охирида, унинг баҳоларига кўра, Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар 2025 йилда ҳам давом этиши ҳақида айтганди.
  • РФ мудофаа вазирлиги раҳбари Антон Силуанов эса сентябр ойи охирида бюджетда мудофаа харажатлари улуши ортгани ва уларга асосий устуворлик берилаётганини тан олганди. Шу билан бирга, Силуанов бошқа моддалар бўйича харажатлар ҳам қисқармаётгани, балки ўсиб бораётганига ишонтирганди. Силуанов ҳеч қандай рақамлар келтиришни жоиз топмаганди.
  • Bloomberg агентлигининг РФ бюджети лойиҳасидаги ҳарбий харажатлар тўғрисидаги мақоласи 22 сентябр куни чиққанди. Унинг асосида Россиядаги бошқа нашрлар қатори «Коммерсант» газетаси ҳам хабар ёзганди, аммо хабар кўп ўтмай «таҳририят қарори» билан ўчириб юборилганди.
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top