Жаҳон | 08:41 / 29.06.2024
4281
3 дақиқада ўқилади

ХВЖ Украинага 2,2 млрд евро миқдорида траншни маъқуллади

Халқаро валюта жамғармасининг кенгайтирилган молиялаштириш дастури доирасида Киевга тўловлар умумий ҳажми янги траншни ҳисобга олган ҳолда тахминан 7,6 миллиард долларни ташкил этади.

Фото: AP

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ижроия кенгаши 28 июн, жума куни Украинанинг тўрт йиллик кенгайтирилган молиялаштириш дастури (Extended Fund Facility Arrangement, EFF) доирасида молиялаштириш механизмини тўртинчи бор кўриб чиқишни якунлади. Натижада Киевга 2,2 миллиард доллар (тахминан 2 миллиард евро) миқдорида кредит транши тақдим этилиши маъқулланди, деб хабар қилди ХВЖ матбуот хизмати. Яқин кунларда бу маблағлар Украина бюджети эҳтиёжларига йўналтирилади.

«Қийин шароитларга қарамай, Украинанинг EFF доирасидаги иқтисодий кўрсаткичлари кучлилигича қолмоқда. Март ойи охирида барча миқдорий кўрсаткичларга эришилди ва июн охиригача бўлган барча тузилмавий кўрсаткичлар ўз вақтида ёки бироз кечикиш билан амалга оширилди», дейилади пресс-релизда. ХВЖ экспертларининг фикрича, «Украина иқтисодиёти барқарорлигича қолмоқда, гарчи унинг истиқболлари ниҳоятда ноаниқ».

Март ойи охирида Киев ХВЖдан 880 миллион доллар миқдоридаги учинчи кредит траншини олди. Аввалги 900 миллион долларлик транш фонд томонидан 2023 йил декабрида тасдиқланган эди. 2023 йил март ойида ХВЖ Украинага 48 ойлик кенгайтирилган молиялаштириш дастури доирасида 15,6 миллиард доллар ажратишни маъқуллади. EFF дастури бўйича тўловларнинг умумий ҳажми янги траншни ҳисобга олган ҳолда қарийб 7,6 миллиард долларни ташкил этади, деб хабар берди ХВЖ. 

ХВЖ Украина ЯИМ ўсиши бўйича прогнозини ёмонлаштирди 

Шу фонда ХВЖ Украинанинг 2024 ва 2025 йиллардаги ЯИМ ўсиши прогнозини қайта кўриб чиқди. «Йилнинг қолган қисми ва 2025 йилга бўлган прогноз, асосан, Украина энергетика инфратузилмасига қилинган ҳужумлар ва Россиянинг Украинага қарши уруши давомийлиги ҳақидаги ноаниқлик туфайли ёмонлашди», дейилади Украина бўйича иқтисодий таҳлил ҳужжатида. 

Энди ХВЖ Украина ялпи ички маҳсулотининг 2024 йилда ўсиши апрел ойидаги 3,5 фоизлик прогноздан 2,5 фоиздан 3,5 фоизгача бўлишини кутмоқда. 2025 йил учун ЯИМ ўсиши прогнози 6,5 фоиздан 5,5 фоизга туширилди. 

«Россиянинг Украинага ҳужуми Украинага фалокатли ижтимоий ва иқтисодий таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Урушга қарамай, Украина расмийларининг моҳирона сиёсати, шунингдек, сезиларли ташқи кўмак туфайли макроиқтисодий ва молиявий барқарорлик сақланиб қолди. Иқтисодиёт барқарорлигича қолмоқда, буни уй хўжаликлари ва компанияларнинг мослашиш қобилияти акс эттиради», деди ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид