09:53 / 05.10.2023
3351

Истеъмолчи соғлиғига ва мамлакат иқтисодиётига зарар: ноқонуний сигарeталарга қарши қандай курашиш мумкин?

Ноқонуний сигареталар контрабандаси ҳамон мамлакатимиз иқтисодиётидаги долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Биргина 2022 йилда Ўзбекистонда ноқонуний бозор улуши 24,3 фоизни ташкил этди. Ўз навбатида, контрабанда сигареталар импорти 2023 йилда ҳам давлат бюджетига жиддий зарар етказади: унинг миқдори 1 триллион сўмга (80 миллион АҚШ доллари) етиши мумкин, чунки ноқонуний савдо даражаси ўсишда давом этмоқда. Келинг, Ўзбекистонга ноқонуний сигареталар қандай олиб кирилаётгани ва унинг олдини олиш учун қандай чоралар кўриш кераклигини кўриб чиқайлик.

БААдан Ўзбекистонга

 «Тамакисоз» тамаки ишлаб чиқарувчилар уюшмасининг маълум қилишича, контрабанда сигареталар мамлакатимизга БАА (73,7 фоиз) ва Жанубий Кореядан (8,2 фоиз) келтирилади. Ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар «Gulbahar Tobacco» ва «KT&G» бўлиб, асосий ноқонуний брендлардан бири «Milano KS SS» ҳисобланади.

Бундай сигареталар республикамизга қандай кириб келади? Ноқонуний сигареталарнинг аксарияти Ўзбекистондан транзит орқали ўтаётгани ва уларнинг эҳтимолий манзиллари Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон экани айтилади. Аслида юк чегарамиздан ўтиб, Ўзбекистонда қолади.

Актуал таклифлар

Контрабандачиларнинг ноқонуний фаолияти давлат иқтисодиётига катта зарар етказади, бироқ айни пайтда қонуний ишлаб чиқарувчилар ҳам, импортчилар ҳам зарар кўрмоқда.

Шу сабабли, «Тамакисоз» уюшмаси вакиллари муаммонинг энг самарали ечими сифатида ташувчи томонидан акциз солиғи тўлиқ суммасини Ўзбекистон Давлат божхона бошқармасининг депозит ҳисобварағига ўтказиши, Ўзбекистондан чиқиб кетгач эса уни қайтарилишини таклиф қилмоқда. Яна бир самарали чора – акциз маркаси бўлмаган тамаки маҳсулотларининг Ўзбекистон орқали транзитига чек қўйилишидир.

Таклифлар орасида сигаретанинг айрим маркаларини расмий равишда олиб киришни тақиқлаш ҳам бор. Бу нима билан боғлиқ? Ҳозир «Gulbahar Tobacco» корхонаси воситачи корхона орқали мамлакатимизга 1000 қутига яқин «расмий» импорт олиб киради. Аммо ҳисоб-китобларига кўра, ҳар ойда камида 16 минг қути контрабанда сигарета сотилади. Шу боис, ушбу ташаббус фақат битта мақсадни кўзлайди – биринчи навбатда пештахталарда Ўзбекистон акциз маркасига эга товарларни жойлаштириш, токи чакана савдо шохобчалари ушбу маркадаги сигаретларни истеъмолчилар ва назорат қилувчи органлар учун пештахталарда қўрқмасдан сақлаши мумкин. Бундай «қонуний» импортдан сўнг контрабанда ҳажмининг кескин ўсиши кутилмоқда.

Таклифнинг мазмун-моҳияти «Gulbahar Tobacco» ва «KT&G» компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган сигареталарни божхона ва шартномаларни расмийлаштирмасдан Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилишига чек қўйишдир. Бундай чора ушбу компанияларни контрабанда фаолиятини тўхтатиш ва тўлиқ қонуний бизнесга ўтиш ҳақида ўйлашга мажбур қилади.

Соғлиққа зарар

Тахминан бир йил олдин Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси аккредитациядан ўтган синов лабораториясида 6 турдаги ноқонуний «Milano» сигаретаси сифатини ўрганган.

Ушбу сигареталарнинг қутиларида ишлаб чиқарилган сана ёки яроқлилик муддати кўрсатилмаган. Шунингдек, давлат тилидаги акциз маркалари ва огоҳлантирувчи белгилар ҳам бўлмаган. Бундан ташқари, қўмита сигарета тутунининг нам ва никотинсиз қуруқ конденсат (қатрон) миқдорини аниқлаш бўйича тест ўтказди. Натижалар шуни кўрсатдики, тамаки тутунининг таркиби рухсат этилган никотин меъёрларидан бир неча баравар юқори. Бу шуни англатадики, бундай маҳсулот истеъмолчининг саломатлиги ва ҳаёти учун анча хавфлидир.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳозирда мажбурий бўлган рақамли ёрлиқлашнинг йўқлиги ҳам ноқонуний тамаки маҳсулотларини аниқлашга ёрдам беради.

Жиноят ва мукофот

Мамлакатда ноқонуний тамаки маҳсулотлари учун жавобгарлик нафақат контрабандачилар, балки уларни чакана савдода сотувчи тадбиркорлар зиммасига ҳам юкланади. Чакана савдо объекти эгалари билиши керакки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 178-моддасига мувофиқ, бундай ҳуқуқбузарлик фуқароларга – БҲМ уч бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса – БҲМ етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ва товарларини мусодара қилинишига сабаб бўлади.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 227-1-моддасига биноан, агар сотувчилар товарларни (маҳсулотларни) мажбурий рақамли маркалаш қоидаларини бузса, яъни контрабанда маҳсулотларини сотса, сўнгги ҳисобот чорагида олинган соф даромад миқдорида жарима солинишга сабаб бўлади.

Шу билан бирга, мамлакатимизда ноқонуний сигареталар сотиш каби ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганлик учун мукофот бор. Агар «Солиқ ҳамкор» ахборот тизими орқали ҳуқуқбузарлик тўғрисида хабар берилса, ҳуқуқбузар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик учун тўланадиган жариманинг 20 фоизи, шунингдек, БҲМ 5 баравари миқдорида мукофот олиш мумкин. Бугунги кунда бу қиймат 1,5 миллион сўмдан кам бўлмайди.

Мазкур чора жамоатчилик назоратини кучайтириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Шунинг учун ҳушёр бўлинг ва фуқаролик бурчингизни унутманг, айниқса, бу давлат томонидан яхши рағбатлантирилади.

Top