20:00 / 09.10.2023
30652

Фронтдаги вазият: Қора денгиз флоти кўчирилиши ва қийин аҳволга тушиб қолган Украина армияси

РФ Қора денгиз флотининг Севастополдан кетиши Россиянинг денгиздаги имкониятларига қандай таъсир қилади? Украина Қримга десант туширмоқда, лекин бунинг нафи кўринмаяпти. Фронтда Украина қуролли кучларининг аҳволи ёмонлашмоқда. Россия Харкивдаги қишлоққа, Украина эса мудофаа корхонасига камёб зарбаларидан бирини берди.

Севастополдаги Россия ҳарбий кемаси. Фото: Aleksander Lyskin / Global Look

Германиянинг Бремен университети қошидаги Шарқий Европани ўрганиш маркази илмий ходими Николай Митрохин Украина фронтида сўнгги ҳафта ичида содир бўлган воқеаларни таҳлил қилди.

Қора денгиз флоти Севастополдан кетиши ва Қримдаги Украина байроғи

Ўтган ҳафтанинг асосий воқеаси, Украинанинг улкан ғалабаси — РФ Қора денгиз флоти асосий ҳарбий кемалари гуруҳининг Севастополдан чиқарилгани бўлди. Мустақил ҳарбий таҳлилчилар ва Россиянинг ҳарбийлашган телеграм каналлари флотнинг жанговар ядроси Феодосия ва Новороссийскдаги портларга кўчирилганини таъкидлашди. Гуруҳнинг асосий қисми Новороссийскка кўчди: 11356 лойиҳасининг икки фрегати («Адмирал Эссен» ва «Адмирал Макаров»), учта дизелли сув ости кемаси, бешта катта десант кемалари ва бир неча кичик ракета кемалари.

Флотнинг бир қисмини Абхазиянинг Очамчири бухтасида жойлаштириш борасида музокаралар олиб борилмоқда. Бу ерга Украина ҚКга Европа томонидан етказиб берилган ракеталар ва ўзлари ишлаб чиқарган пилотсиз дронлар етиб бориши қийин.

Бу ҳол «Калибр» ракеталарининг учиш масофасини узайтиради ва Россия десантларининг кутилмаганда Украинанинг Қора денгиз соҳилларига туширилишини тўлиқ соқит қилади. РФ Қора денгиз флотининг денгизнинг ғарбий соҳиллари ёқалаб Украина портларига йўл олаётган кемаларни назорат имкониятлари ҳам кескин қисқаради. Портдан олиб кетилган кемаларнинг радарлари, ракеталари ва қўшоғиз пулемётларисиз Севастополнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳам кучсизланади.

Қора денгиз флоти кучсизланиши Украина диверсия гуруҳларининг ортган имкониятларида ҳам ўз аксини топади, улар айни дамда Одесса областининг жанубий қисми ва Қора денгизнинг шимолий-ғарбий қисмидан метеорологик ёрдам, Змеиний оролидаги ва оролнинг жанубидан бошлаб Қрим соҳилларигача ўрнатилган «Бойко миноралари»да йўналтирувчи тизимлар ёрдамида Қримнинг ғарбий қисмига (энг аввало Тарханкут яриморолига) сузиб ўтиш имкониятига эга.

4 октябр куни Украина Бош разведка бошқармаси бўлинмаси жангчилари уруш даврида илк бор 5 та сув мотоцикллари ва катерларда нисбатан кўпсонли гуруҳ билан қирғоққа тушишга муваффақ бўлишди. Улар Украина байроғини ўрнатиб, камерага қарата «Крим ё Украинаники бўлади, ё кимсасиз бўлади», деб бақиришган, шундан сўнг етиб келган чегара наряди билан отишмага киришишган. Натижада десант чекинган ва россияликларга Украина байроғи ва 46 ёшли ярадор аскарни қолдириб кетишган. У кейинроқ сўроқ давомида «соҳилдаги байроқ»ни видеога олиш - ўтказилган операциянинг бош мақсади бўлганини айтган.

Бу бундай қўққисдан ҳужумларнинг биринчи бўлмагани боис, Украина Бош разведка бошқармасининг пиари ва навбатдаги «руҳий ғалаба»дан бошқа ундан кўзланган мақсад унчалик тушунарли эмас. Балким қандайдир номаълум мақсад бордир.

Фронтдаги вазият: Украина ҚКнинг аҳволи оғирлашмоқда

Украина қуролли кучлари учун фронт чизиғидаги вазият тобора ёмонлашмоқда. Запорижжя фронтидаги асосий зарба йўналишларида ривожланиш йўқ. Айрим маълумотларга кўра, Украина ҚК муваффақиятсиз ёриб ўтишлардан сўнг мудофаага ўтиб, «муваффақият»ни мустаҳкамлашга уринмоқда. Айниқса, бу ҳол Велика Новосилкадан жануброқдаги кесилган Времйив тепалигига тааллуқли. Бахмутдан жануброқдаги Клешчийивкада қақшаткич жанглар кечмоқда. Украина томони маълумотларига кўра, Украина ҚК у ерда 200 метр олдинга силжишга, айрим жойларда бир пайтлар Россиянинг мудофаа чизиғи бўлиб турган темирйўл кўтармасигача чиқишга муваффақ бўлишган.

Купянск ҳудудида — фронтнинг энг шимолий участкасида Россиянинг 25-умумқўшин армияси шаҳарга, аниқроғи унинг шимолидаги Минкивка қишлоғига қараб юришни бошлади. Ҳозирча ҳаттоки Россия томони маълумотларига кўра ҳам муваффақият ўрмондаги Украина таянч пункларини эгаллаш билангина якунланган.

Украина ҳарбий хизматчилари. Фото: Володимир Зеленский телеграм канали.

Россиялик «ҳарбий мухбирлар» Украинанинг шакллантирилган десант гуруҳини фронтнинг энг жанубида — Кинбурн яримороли ва Нова Каховка ҳудудидаги эҳтимолли йўлакда кутишмоқда.

Умуман олганда, Украинага куз ёмғирлари келди, бу эса реал қарши ҳужум эҳтимолини камайтиради, фақат кичикроқ соҳилолди ҳудудларини эгаллаш бўйича десант операциялари амалга оширилиши мумкин. Бу вазиятда намланган тупроқ ва булутли осмон душман ҳаракатини қийинлаштириб, уларнинг фойдасига ишлайди. Бундан ташқари, яқин бир-икки ҳафта ичида дарахтзорларда барглар тўлиқ тўкилиб бўлади, бу эса рақиб ҳаракатини кузатиш имкониятини кенгайтиради, бу ҳам қуруқликда йирик қарши ҳужумлар олиб бориш зарарига ишлайди.

Ҳаво жанги: Фуқароларнинг энг йирик оммавий ўлдирилиши ва Украинанинг мудофаа корхонасига ҳужуми

Россия томонидан Украина инфратузилмаси ва саноат объектларига асосан 20-25 талик гуруҳдан иборат Shahed дронлари билан анъанавий зарбалар давом этмоқда. Ўтган ҳафта ичида нишонлар Дунайдаги портлар, паром бекатлари ва юк машиналари тураргоҳи бўлди.

Украинанинг ички областларида нишонга олинган жойлар махфийлаштирилган. «Искандер» ва С-300 ракеталари билан баллистик траектория бўйича систематик ўққа тутиладиган Харкив областига ўтган ҳафта оғир кечди. Бу ҳолатда аҳолини огоҳлантиришга ҳам улгуриб бўлмайди.

Бу ерда Купянск районидаги Гроза қишлоғида рўй берган фожиани алоҳида қайд этиб ўтиш мумкин. Шу қишлоқ аҳлидан бўлган жангчи (Россия томони маълумотларига кўра, «Айдар» баталёни жангчиси)ни қайта кўмиш учун ўтказилаётган дафн маросимида қаҳвахонага берилган ракета зарбаси туфайли 52 киши ҳалок бўлган. Яъни қишлоқнинг ҳар олтинчи одами. Бу уруш бошланганидан буён фуқаролардан иборат инсонлар бирваракайига энг кўп йўқ қилиниши бўлди.

Гроза қишлоғида ҳалок бўлганлар.

Умуман олганда, Купянск районида Россия авиацияси мавжудлиги даражаси жуда юқори бўлмоқда. Сўнгги икки ҳафта ичида авиация зарбалари натижасида Оскил дарёси узра камида 5 та йўл ўтказгич йўқ қилинган, бу эса дарёнинг шарқий соҳилдаги Украина ҚК гуруҳлари таъминотига салбий таъсир ўтказади. Интенсив бомбаланаётган яна бир ҳудуд Днипро дарёсининг ўнг соҳили, энг аввало Херсон шаҳри бўлмоқда, у ерда ҳар куни тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлмоқда. Шунингдек, шимолроқдаги Берислав шаҳарчаси ҳам ўтган ҳафта қаттиқ бомбаланди, шаҳар шифохонаси ва кўп қаватли турар жой биноларига талафот етказилди.

Украина ҚК ўз навбатида Қримга нисбатан ҳужумлар сонини кескин камайтирди (гарчи у ерда Россия ҲҲМлари кунига бор-йўғи 1-2 та Украина ракеталарини тутиб қолаётган бўлса ҳам). Марказий Россия томон зарбалар сони ҳам сустлашди, аммо Белгород, Брянск, Курск областларининг чегараолди ҳудудларига пилотсиз парвоз қурилмалари билан зарба бериш сони кескин ошган. Бу ерда украинлар нимстанцияларни йўқ қилиб, электр энергияси узатишга таъсир қилмоқчи. Айрим районлар чиндан ҳам бир муддат чироқсиз қолишди.

3 октябр куни пилотсиз парвоз қурилмалари зарба гуруҳи Смоленск областидаги X-59 ракеталари ишлаб чиқарувчи заводга ҳужум қилганди. Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси ҳисоботига кўра, ишлаб чиқариш қувватларига сезиларли талафот етказилган. Ушбу маълумотни текшириб кўрган «Медуза» завод биносига келиб урилган фақат битта дрон ҳақидаги ахборот ўз тасдиғини топганини ёзиб чиқди. Нима бўлганда ҳам, Россиянинг муайян мудофаа корхонасига бундай ҳужум уюштирилиши Украина ўзининг нисбатан кучсиз дронлари учун нишон сифатида танлайдиган нефт базалари каби «рамзий» нишонлардан фарқ қиладиган жуда камёб ҳодиса ҳисобланади.

Украина нашрлари ўз ўқувчилари диққатини Россия ҚК Украинадан ортда қолмаслик учун ўз аскарлари ва қуроллари макетини ясай бошлаганига қаратди. Мақсад — Украина дронлари, артиллерияси ва HIMARS тизимларини сохта нишонлар билан чалғитиш. Украина ҚК бу технологиядан 2022 йил ёзидан буён фойдаланади.

Бу орада Россия «ҳарбий мухбирлари» Россия дронлари фронт чизиғидан Украинанинг 50 км ҳудудигача кириб бориб, нишонларни кўрсата бошлаганига эътибор қаратишган. Бунақаси илгари ҳеч кузатилмаган эди. Буларнинг барчаси Россия мудофаа саноати ишлаб чиқаришни фаол ривожлантираётгани, янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқараётганини кўрсатибгина қолмасдан, Украина ҲҲМ тизимларида инқироз бошлагани, зенит ракеталарини дронлар каби кичик нишонларга сарфлашдан аяшаётгани ёки бутун фронт чизиғини қоплай олишмаётганидан ҳам дарак беради.

Ғарблик иттифоқчилар бу масалада ёрдам қўлини чўзишмоқчи: Германия йил охиригача яна бир Iris-T комплекси ва Gepard зенит қурилмаларини Қора денгиз ва Дунай портларини ҳимоялаш учун етказиб бермоқчи. Шу ҳафта ичида немислар SurveilSpire номли, 30 км узоқликдан туриб дронларни топувчи ва уларга қарши курашувчи комплексни етказиб беришга ваъда қилишди. Испания олтита кичик ҲҲМ учун Hawk зенит ракета комплексларини ваъда қилди.

Яқинда Володимир Зеленский томон ёғдирган танқиди машҳур бўлган Олексий Арестович адолатли тарзда қайд этганидек, Украинага юзлаб ва яна ўзи ишлаб чиқарган зенит-ракета қурилмалари керак. Бу масала билан ғарблик ҳамкорларнинг етказиб беришига кўз тикмасдан, бир йил аввалроқ шуғулланиш лозим эди.

Таниқли коллаборантларга қарши ҳужумлар қайта бошланди

7 октябр куни эрталаб оккупация остидаги Нова Каховкада автомобил портлатилди ва унда «Единая Россия» партиясининг маҳаллий бўлими ижроия котиби Владимир Малов оғир яраланди. Кундузи у олинган жароҳатлардан шифохонада вафот этди.

Бу ёз фасли бошларидан буён Днипро дарёсининг сўл қирғоғида Запорижжя ва Херсон областларидаги яширин қуролли украин гуруҳлари томонидан амалга оширилган Россия томонига ўтган чиновникка қарши муваффақиятли теракт бўлди. Шуниси эътиборлики, у шаҳар ичида, фронт чизиғига яқин жойда амалга оширилган. Буни шаҳарга пусиб кирган гуруҳ амалга оширган бўлишини ҳам инобатдан соқит этмаслик керак.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top