Украинада урушнинг 810-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Путин РФ хавфсизлик кенгашининг янги таркибида илк йиғилишни ўтказди. Сергей Шойгу унда котиб сифатида иштирок этди.
- Дания бош вазири F-16 қирувчилари украин ҳарбийлари ихтиёрига яқин бир ой ичида келиб тушишини маълум қилди.
- Украина ҚК бош штаби Россия Харкив йўналишида тактик ютуқларга эришгани, Вовчанск учун жанглар кетаётгани ҳақида хабар қилди.
- Украина хавфсизлик хизмати Киевда 9 май куни теракт уюштиришга тайёргарлик кўришда гумонланаётган «ГРУ агентлари» қўлга олингани ҳақида маълум қилди.
- Белгород ўққа тутилиши оқибатида тинч аҳоли вакилларидан яна етти киши яраланди.
- Россия ФХХ «Яндекс»нинг собиқ ходими «давлатга хиёнат»да гумонланиб ушланганини маълум қилди. Уни Украина қуролли кучларига маблағ ўтказиб беришда гумонлашмоқда.
- The Wall Street Journal нашри аниқлашича, украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ракеталарнинг фақат 30 фоизини уриб туширмоқда. Уларнинг самарадорлиги кескин тушиб кетган.
Кун кадри. Волчанскдан эвакуация
Россия қўшини Харкив областида юриш қилишда давом этмоқда. Украина қуролли кучлари бош штаби 13 май тонгида Россия қўшини Харкив области шимолидаги Вовчанск шаҳри учун жангларда «тактик ютуқларга эришгани» ҳақида маълум қилганди, аммо шу куни кечга келиб украин ҳарбийлари РФ қуролли кучларини чекинтиргани ва шаҳарнинг шимолий чеккаларида «тозалаш ишлари олиб борилаётгани»ни маълум қилди.14 май тонгидаги маълумотларга кўра, ушбу юриш туфайли Харкив областида 7000 дан ортиқ киши эвакуация қилинган, жумладан Вовчанск шаҳри жойлашган Чуҳийив районини 2000 киши тарк этган.
Вовчанск аҳолиси эвакуация қилинишига гувоҳ бўлган украиналик журналистлар одамлар тўхтовсиз давом этаётган зарбалар остида олиб чиқилаётганини айтишган. «Катта эҳтимол билан, бизнинг уйдан ярим километр нарида автоматлар орқали жанглар кетмоқда. Қандайдир ҳарбий буйруқлар бақириб айтилаётгани эшитилади, тўхтовсиз ўқ узилади. Тун-у кун снарядлар учади», — деган 24 каналига маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Константин.
Мудофаани ёриб ўтганида россиялик ҳарбийлар турар жойлар бўйлаб ўт очишади. «Нега? Мен кимга ёмонлик қилдим? Мен шунчаки уйда ўтиргандим ва эшикларга қарата ўт очишди», — деган журналистларга жабрланувчилардан бири Руслан.
























