Жаҳон | 21:50 / 23.10.2023
19624
7 дақиқада ўқилади

Одатми ё жиноят: қирғиз депутатлар қиз ўғирлаш мавзусида тортишиб қолди

19 октябр куни Қирғизистон парламентида чорва молларини ўғирлаганлик учун 10 йилгача қамоқ жазоси тайинлаш масаласи муҳокама қилинди. Қирғизистон жиноят кодексини муҳокама қилган депутатлар унга чорва ўғирлаганлик учун алоҳида модда қўшмоқчи. Муҳокама давомида қиз ўғирлаш ва мол ўғирлаш таққосланди.

Сўзга чиққан депутатлардан бири Мейкинбек Абдалиев чорва ўғирлаш оғир жиноят экани, аммо қиз ўғирлаш шунчаки одат эканини айтди.

Бошқа бир депутат Достон Бекешев қорамол ўғирлаганлик учун узоқ муддат қамоқ жазоси тайинлашга қарши чиқди. У инсон ва ҳайвон ҳаётини таққослаб бўлмаслигини айтган.

«Одатда одам ўғирланса, унга 7-10 йилгача қамоқ жазоси тайинланади. Мол ўғирлаш учун эса 12 йиллик қамоқ жазоси таклиф қилинмоқда. Бу тўғри эмас, ахир инсон ҳаёти қадрлироқ-ку. Уйланиш учун бўлса ҳам қиз ўғирлаганларга 7 йил берилади, мол ўғриларига эса 8 йил, бу ортиқча санкция. Ахир шафқатсизларча одам ўлдирганлик учун ҳам шундай жазо назарда тутилган», деган депутат Бекешев.

Қорамол ўғирлаш учун жазони кучайтириш тарафдорларидан бири бўлган депутат Абдалиев эса қиз ўғирлаш шунчаки қирғизча одат эканини айтди.

«Сиз қиз ўғирлаш ҳақида гапирдингиз, хафа бўлманг-у, бу одат, ота-боболаримиз шундай қилган. Ҳайвон ўғирланади, одам эса олиб қочилади. уни қайтиб сотишмайди, унга уйланишади», деган депутат Абдалиев. Бекешев эса қиз болани унинг ихтиёрига қарши ўғирлаб кетишса, бу одат эмас, жиноят эканини айтди.

Маълумот учун Қирғизистон қонунчилигига кўра, никоҳдан ўтиш мақсадида одам ўғирлаш учун (агар бу ҳолат исботланса) 5 йилгача қамоқ жазоси тайинланган. Ўғирланган одам вояга етмаган бўлса, 7-10 йилгача қамоқ жазоси белгиланади.

Қиз ўғирлаш

Қиз олиб қочиш Қозоғистон ва Қирғизистонда оммалашган одат ҳисобланади. Унга кўра, куёв ва дўстлари қизни олиб қочиб куёвнинг уйига олиб боришади. У ерда куёв «ўлжа билан қайтишини» кутиб турган яқинлари келинни унга тегишга кўндиришга уринади. Одатда ўғирлаб кетилгач уйга қайтишни номус билган қизлар эрга тегишга рози бўлади.

Бугунги кунда бу удум одатда келин бўлмишнинг розилигига кўра амалга оширилади. Яъни келин ва куёв ўзаро турмуш қуришга рози бўлгач, қиз олиб қочилади. Лекин ҳамон қизларни розилигисиз олиб қочиш ҳолатлари кузатилиб туради. Аслида эски одатда ҳам қизнинг ўзи рози бўлмаган ҳолатда уни ўғирлаш қирғизларда зўрлаш деб қабул қилиниб, қораланган.

Қирғизистонда ҳозир ҳам ҳар йили юзлаб қизлар олиб қочилади. Лекин барча ҳолатлар ҳам яхшилик билан тугамайди. Масалан, 2018 йил май ойида номаълум эркак 19 ёшли Бурулай Турдалиевани зўрлик билан машинасига ўтқизиб уйига олиб кетмоқчи бўлади. Йўлда уни милиция тўхтатиб, бўлинмага олиб кетади. Эркак бўлинмада қизни пичоқлаб ўлдириб, кейин ўзини ҳам ўлдирмоқчи бўлади. Эркак тирик қолади ва 20 йилга қамалади.

2021 йил 5 апрел куни 26 ёшли қирғизистонлик Айзада Канатбековани ўғирлаб кетишади. Икки кун ўтиб эса қиз ва уни ўғирлаган 36 ёшли эркак Замирбек Тенизбаевнинг жасади топилади. Терговга кўра, улар ўртасида келишмовчилик юзага келгач, эркак аввал қизни ўлдириб, кейин ўз жонига қасд қилган.

Қиз ўғирлаш масаласи шу кунларда Қозоғистонда ҳам кун тартибига чиққан. Қозоғистон ички ишлар вазири ўринбосари Игор Лепеха мамлакатда қиз ўғирлаш учун жазони кучайтириш масаласи кўриб чиқилиши мумкинлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қозоғистондаги бу одатни кўп марта танқид қилган.

«Уларга бу анъана эканини тушунтириб беролмайсиз. Тўғрисини айтишимиз керак, баъзи урф-одатлар инсонларимизнинг айрим конституцион ҳуқуқларини чеклаб қўяди», деган вазир ўринбосари.

Қозоғистонда қиз олиб қочиш бўйича иш очилса, бу ҳолат маҳаллий жиноят кодексининг 126-моддаси – «Ноқонуний озодликни чеклаш» моддаси билан малакаланади. Бу учун 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

18 октябр куни Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида қиз ўғирлаган икки киши 7 йилга қамалганди. Расмий ахборотга кўра, 2022 йил Ж. исмли шахс Таразда яшовчи қиз билан танишади. Бир неча учрашувдан кейин қиз у билан ортиқ кўришишни истамайди. Шунда йигит дўсти билан қизни ўғирлаб машинасида шаҳардан чиқиб кетишга уринади.

Қизнинг бақирганини эшитган қўшнилар полиция чақиришади. Тезкор ходимлар йигит ва дўстини шаҳардан чиқишда қўлга олишади. Ўшанда судга оширилган иш 18 октябр куни Ж. ва дўстига 7 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши билан тугади.

Чорва ўғирлаш

Чорва молларини ўғирлаш учун жазони кучайтириш масаласи ҳам Қирғизистонда бежизга кўтарилгани йўқ. Бу жиноятларнинг олдини олиш учун ҳар қанча ҳаракат қилинмасин, Қозоғистон ва Қирғизистонда чорва ўғирлаш ҳолатлари тўхтамаяпти. Қишлоқ жойларида, яйловларда яшайдиган қирғиз ва қозоқлар учун эса чорва асосий моддий бойлик ҳисобланади.

Қозоғистон жиноят кодексида чорва молларини ўғирлаганлик учун алоҳида модда бор. 2022 йил май ойида Қозоғистоннинг учта ҳудудида чорва ўғирлаш билан шуғулланган катта жиноий гуруҳ аниқланган ва уларга 12 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкинлиги айтилганди.

Жиноий гуруҳ умумий ҳисобда 167 та чорва молларини ўғирлаган. Суриштирув давомида эса уларга тегишли оғилхоналарда яна 67 та ўғирланган от борлиги аниқланган. Гуруҳ аъзолари «Чорва ўғирлаш» моддасидан ташқари «Жиноий гуруҳ ташкил қилиш» моддасида кўрсатилган жиноятларни ҳам содир этганликда гумонлангани учун жазо кескинроқ бўлиши айтилганди.

2020 йилги маълумотга кўра, Қирғизистонда умумий ҳисобда 3 минг бош чорва моллари ўғирланган. Улардан фақат 1475 тасини эгасига қайтаришга муваффақ бўлишган.Қирғизистон ички ишлар вазирлиги чорва ўғирлаш билан шуғулланган 56 та жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйган.

Мавзуга оид