09:20 / 30.10.2023
2898

Саудия Арабистони Орол денгизи минтақасида жойлашган аҳоли пунктларига ёрдам ажратиши мумкин

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Бутунжаҳон ислом уюшмаси минтақавий директори билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. 

Фото: Дунё АА

Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов Саудия Арабистони пойтахтида Бутунжаҳон ислом уюшмаси минтақавий директори Абдуллоҳ бин Раҳматуллоҳ билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Учрашув давомида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси ҳамда Орол денгизи минтақасида жойлашган аҳоли пунктларига Саудия Арабистонининг ҳуманитар ва молиявий-техник ёрдамини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида мамлакатда барпо этилган Президент ва ихтисослаштирилган мактабларни замонавий техникалар, шифохоналарни тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда Орол денгизи минтақаси аҳолиси учун беғараз молиявий кўмак кўрсатиш, кам таъминланган ва кўмакка муҳтож фуқароларга бепул юрак, суяк ва кўз жарроҳлик операцияларини амалга ошириш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Бўлиб ўтган учрашув якунида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бутунжаҳон ислом уюшмаси вакиллари ўртасида онлайн учрашув ташкил этиш, саудиялик жарроҳлар гуруҳини Ўзбекистонга юбориш, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги шифохоналарга замонавий тиббиёт ускуналарни беғараз етказиб бериш бўйича имкониятларни ўрганиш бўйича келишиб олинди.

Top