12:51 / 03.11.2023
24058

«Фаластин халқи БМТ резолюцияларида белгиланганидек, мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга» — Мирзиёев

Ўзбекистон президенти жаҳон миқёсида ишонч инқирози авж олаётганини таъкидлаб, Исроил-Фаластин можаросининг ечими икки халқ учун икки давлат бўлишида эканини қайд этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқида яна бир бор Яқин Шарқдаги можарони тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди.

«Барчамиз гувоҳ бўляпмиз, бугунги кунда жаҳон миқёсида ишонч инқирози тобора авж олмоқда. Глобал хавфсизликни таъминлашда янги муаммолар юзага келмоқда ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш ҳолатлари кучаймоқда.

Айниқса, Яқин Шарқда узоқ вақтдан буён давом этаётган Фаластин-Исроил муаммосининг ниҳоятда хавфли тус олгани барчамизни жиддий хавотирга солмоқда. Қуролли тўқнашувда тинч аҳоли, айниқса, кексалар, аёллар ва болалар орасида қурбонлар ва жароҳат олганлар сони кескин ортиб, низонинг кенг ёйилиб кетиш хавфи кучаймоқда.

Шу муносабат билан томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларга барҳам бериб, ўт очишни тўхтатишга, гуманитар мақсадларда муросага келишга чақирамиз.

Мазкур муаммонинг ягона ва энг адолатли ечими – низони «икки халқ учун икки давлат» тамойили асосида ҳал этишдир.

Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларида белгиланганидек, мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга. Биз Ташкилотимиз доирасида бу борадаги якдил ва қатъий позициямизни бутун дунёга эълон қилишимиз зарур», дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

 

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top