Жаҳон | 19:10 / 09.06.2024
12867
8 дақиқада ўқилади

Исроилнинг гаровдагиларни озод этиш бўйича амалиёти тафсилотлари: юзлаб фаластинликлар ҳалок бўлгани айтилмоқда

Исроил махсус топшириқли бўлинмаси Ғазо марказидаги «Нусейрат» қочқинлар лагерида гаровдаги тўрт нафар исроилликни қутқариш бўйича ўтказган амалиёт бир неча ҳафта давомида режалаштирилган.

Фото: Reuters

Исроилликлар гаровдагиларнинг озод этилгани ҳақидаги хабарни хурсандчилик билан кутиб олди. Аммо фаластинликлар рейд давомида ўнлаб кишилар ҳалок бўлганини айтмоқда.

Ҳамас матбуот хизмати исроилликлар рейди оқибатида 274 киши, жумладан, болалар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини маълум қилган.

«Ёз уруғлари» номини олган рейд куннинг ёруғ вақтида амалга оширилган. Бу анча ноодатий амалиётдир, аммо Исроил мудофаа армияси вакилининг сўзларига кўра, бу ҳарбийларга кутилмаганлик элементидан фойдаланишга имкон берган.

Тонгда кўчаларда яқин атрофдаги бозордан харид қилиш учун чиққан одамлар кўп бўлган.

Кундузги вақтда рейд амалга ошириш орқали махсус бўлинма нафақат штурм вақтида, балки чекинишда ҳам таваккалчилик қилишига тўғри келган. Исроил полицияси маълумотига кўра, бўлинма аъзоларидан бири оғир жароҳат олган ва кейинроқ шифохонада вафот этган.

ЦАҲАЛ матбуот котиби, контр-адмирал Даниэля Ҳагарининг сўзларига кўра, бу «кўлами бўйича „Энтеббе“га ўхшаш» амалиёт бўлган — бу орқали у Исроил махсус топшириқли кучларининг 1976 йилда Угандада ўтказган амалиётини назарда тутган, ўшанда Air France авиакомпанияси самолётида фаластинлик жангарилар томонидан гаровга олинган 102 кишини қутқаришга муваффақ бўлинганди. Исроилда у норасмий равишда «Йонатан» операцияси деб аталади, бу ном махсус топшириқли гуруҳнинг рейд вақтида ҳалок бўлган командири — Исроилнинг ҳозирги бош вазирининг акаси Йонатан Нетаняҳу шарафига қўйилган.

Ҳагарининг сўзларига кўра, разведка маълумотларига асосланган ҳолда Исроилдан Ғазога кириб борган махсус топшириқли бўлинма бир вақтнинг ўзида «Нусейрат»даги иккита турар жой кварталига ҳужум қилган, бу ҳудудларда гаровдагилар ушлаб турилган бўлган.

Квартиралардан бирида 26 ёшли Ноа Аргамани жойлашган бўлган. Бошқасида — 41 ёшли Шломи Зив, 27 ёшли Андрей Козлов ва 22 ёшли Алмог Меир Ян.

Ичкарига бостириб кирган гуруҳлар гаровдагиларни озод этган ва уларни кўчада турган ҳарбий машиналарга олиб чиқишган, бу ерда улар қуролланган фаластинликларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келишган.

Ҳагарининг айтишича, исроиллик ҳарбийлар рейдни майда деталларигача режалаштиришган ваа машғулот учун икки квартира макетини ҳам қуришган.

CBS News нашри америкалик икки амалдорга таяниб хабар беришича, АҚШ амалиётни ўтказишда Исроилни разведка маълумоти билан таъминлаган.

Исроил мудофаа армияси матбуот котиби Даниэл Ҳагари Ғазодаги қутқарув операцияси «аниқ разведка маълумотлари»га асосланган ва «таваккалчилик қилинган мураккаб миссия» бўлганини айтган

Мобил телефон орқали олинган видеода устидан ракеталар учиб ўтиб, ўқ овозлари эшитилаётганда панага яширинишга уринаётган одамлар акс этган.

Нисбатан кейинроқ олинган кадрларда кўча бўйлаб сочилиб ётган жасадлар акс этган.

Ҳамас аъзолари гаровдагиларни ушлаб турган аҳоли зич яшовчи ҳудуддаги фаластинликларнинг айтиб беришича, қутқарув амалиёти чоғида ҳудуд интенсив равишда бомбардимон қилинган ва оғир қуроллардан ўққа тутилган.

Ҳамас назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, қутқарув амалиёти чоғида қочқинлар лагерида ва унинг атрофидаги ҳудудларда ўнлаб фаластинликлар, жумладан аёллар ва болалар ҳам ҳалок бўлишган.

Ғазодаги икки шифохона, «Ал-Ақсо» ва «Ал-Авда» жами 70 кишининг жасади келтирилгани ҳақида хабар берган. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги икки соатлик амалиёт чоғида ўлдирилган 86 кишининг фамилиясини эълон қилган. 

Аввалроқ контр-адмирал Ҳагари камида 100 киши жабрлангани ҳақида хабар берганди.

«Ал-Ақсо» шифохонасида олинган кадрларда оғир жароҳат олган ва ерда ётган кўплаб одамларни кўриш мумкин. Шифокорлар ҳаракатланиши учун қонга беланган полда деярли бўш жойлар қолмаган.

Бошқа видеоёзувларда шифохона ҳудудига тез ёрдам машиналарида ҳам, оддий автомобилларда ҳам янгидан янги беморлар олиб келинаётгани ва айримлари олиб кетилаётгани акс этган.

«Нусейрат» лагеридаги «Ал-Авда» шифохонаси директори Марвон Абу Носсир BBC араб хизмати билан суҳбатда шанба куни шифохонага олиб келинган жасадлар сони кун давомида ортиб борганини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, шифохонада жасадларни жойлаштириш учун ўликхона мавжуд эмас.

Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос ўзи «Исроил кучлари томонидан содир этилган қонли қирғин» деб атаган ҳодиса юзасидан зудлик билан БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказишга чақирган.

Европа иттифоқи ташқи сиёсий идораси раҳбари Жозеп Боррел Ғазодаги амалиёт давомида қурбонлар сони кўп бўлганини танқид остига олиб, бу ҳолатни «қатъий тарзда қоралаши»ни айтган.

«Ғазодан тинч аҳолининг навбатдаги оммавий ўлдирилиши ҳақида келаётган хабарлар даҳшатга солади», — дея ёзган у X ижтимоий тармоғида.

Исроиллик вазирлардан бири бунга жавобан бунинг ўрнига Ҳамаснинг ҳаракатларини қоралаш лозимлигини айтган.

Фаластиндаги манбаларга кўра, шанба куни Ғазода ўнлаб кишилар ҳалок бўлган ва яраланган

Бунга параллел равишда воситачилар иштирокида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш бўйича музокаралар давом эттирилмоқда.

Бош вазир Бинямин Нетаняҳуга Исроилнинг иттифоқчилари томонидан ҳам (биринчи навбатда, тезроқ келишувга ундаётган АҚШ томонидан), унга Ҳамас билан музокараларга рози бўлган тақдирда ҳукуматни парчалаб юбориш билан таҳдид қилаётган ҳукмрон коалициянинг ултраўнг аъзолари томонидан ҳам босим ортиб бормоқда.

Шанба кунги амалиёт исроиллик ҳарбийлар учун бу урушда гаровдагиларни озод этиш бўйича энг муваффақиятли амалиёт бўлди ва таҳлилчилар ҳисоблашича, бу Исроил ҳукуматидаги қаттиққўллик тарафдорлари фойдасига хизмат қилиши ва бош вазирнинг ҳисоб-китобларига ўзгаришлар киритиши мумкин.

«Нусейрат»даги ҳарбий рейдга жавобан Ҳамаснинг сиёсий етакчиси Исмоил Хония Исроил ўз танлови учун масъулиятни гуруҳга юклай олмаслигини айтган.

У агар келишув фаластинликлар хавфсизлигини таъминламаса, гуруҳ ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга рози бўлмаслигини айтган.

Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрида Исроилга ҳужуми вақтида 1200 га яқин киши ҳалок бўлиб, 250 га яқин киши асир олинганди. Ноябр ойидаги келишувга кўра, Ҳамас бир ҳафталик ўт очишни тўхтатиш ҳамда Исроил қамоқхоналаридаги 240 нафар фаластинлик маҳбуслар қўйиб юборилиши эвазига гаровдагилардан 105 нафарини қайтариб берганди. Гаровдагиларнинг айримлари асирдалик чоғида вафот этган — хусусан, июл ойи бошида ҳам Исроил кекса ёшли тўрт нафар асир ўлими ҳақида хабар берганди.

Бугунги кунда Ғазо секторида 7 октябр куни ўғирланган 120 га яқин киши Фаластин ҳудудида қолмоқда.

«Эркаклар, аёллар, болалар. Биз гаровга олинганларни уйга қайтариш учун барча ишни қиламиз деганда айнан шуни назарда тутамиз: биз уларнинг озодлиги учун курашишдан тўхтамаймиз, — деган Исроил мудофаа армияси расмийси Даниэл Ҳагари. — Дунёдаги исталган давлат ҳам худди шундай қилган бўларди».

Шанба куни Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги ярим йил ичида Ғазода ҳалок бўлганлар сони 36 801 кишига етганини хабар қилганди.

Мавзуга оид