14:38 / 03.11.2023
7061

Сўнгги икки йилда камида 158 нафар журналист ўлдирилди — ЮНЕСКО

2023 йилнинг ўзида 70 дан ортиқ журналист шунчаки ўз вазифасини бажараётгани учун ўлдириб юборилган. Бу ўлимлар билан боғлиқ жиноятларнинг аксари очилмаган, жуда кўплаб журналистлар эса қамоқхоналарда қолмоқда. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш кунида йўлланган мурожаатномасида эслаб ўтди.

Фото: AFP

Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш куни ҳар йили Бирлашган миллатлар ташкилотининг халқаро кунлар тизими бўйича 2 ноябр санасида нишонлаб келинади.

Бу сана Бош Ассамблея томонидан журналистлар фаолиятини чеклаш билан боғлиқ бўлган, жамиятнинг ишончли ахборот олиш ҳуқуқини топтайдиган хавотирли ҳолатга дунё ҳамжамияти эътиборини жалб қилиш мақсадида 2013 йилда ташкил этилган.

Унинг 2 ноябрга белгилангани эса Франциялик икки нафар журналистнинг ўлими билан боғлиқ. 2013 йилнинг 2 ноябр куни таҳририят топшириғига биноан Малидаги қуролли можарони ёритишга борган Гислен Дюпон ва Клод Верлон жангарилар томонидан ўғирлаб кетилади ва ўлдирилади.

БМТ мазкур воқеа сабаб ОАВ ходимлари, журналистларга нисбатан зўравонлик ва уларнинг ўз фаолиятини бажаришга тўсқинлик қилишни қоралаб чиқувчи ҳужжатни қабул қилади.

«2022 йилда камида 88 журналист ўз вазифасини бажаргани учун ўлдирилган. Бу аввалги йилларга нисбатан кескин ўсиш ҳисобланади. Яқин шарқдаги ҳозирги можаро ҳам журналистларга қўрқинчли зарба бермоқда. Бу рақамлар, журналистларга бўлаётган таҳдидлардан чуқур хавотирдаман», — дейди БМТ бош котиби.

Шунингдек, у мустақил матбуот демократия, ҳуқуқбузарликни фош этиш, ҳозирги мураккаб дунёда йўналишларни тушуниш, барқарор ривожланиш учун жуда муҳим ҳисобланишини қайд этди.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, 2006–2023 йилларда дунё бўйлаб 1600 дан ортиқ журналист ўлдирилган. Ўлим ҳолатларининг 10 дан 9 таси суд ҳукмларисиз рўй берган. Жазосизлик ўлимлар сони ошишига олиб келади, шунингдек, кўп ҳолатларда зиддиятлар, муаммоларнинг кўпайиши, кескинлашуви ва қонунлар, суд-ҳуқуқ тизими бузилишига сабаб бўлади. 

ЮНЕСКО жазосизлик инсон ҳуқуқлари бузилиши, коррупция ва жиноятларни яшириш орқали бутун жамиятга катта зарар келтиришидан хавотирда эканлигини билдириб, ҳукуматлар, фуқаролик жамиятлари, ОАВ ва қонун устуворлигини таъминлаш истагида бўлган барчадан жазосизликка барҳам бериш бўйича глобал ҳаракатларга қўшилишни сўраб келади.

Top