21:43 / 09.11.2023
7304

Тошкентда болаларни эко-таълимга жалб қилиш бўйича минтақавий стратегия тасдиқланди

Стратегия экологик муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида ёшлар ва болаларнинг хабардорлигини оширишни кўзда тутади. Ҳужжат ёш экофаоллар форуми доирасида қабул қилинди. Тадбирда Ўзбекистоннинг биринчи хоними, “Замин” фонди раиси Зироат Мирзиёева, Туркия, Эрон ва Қирғизистон президентларининг рафиқалари, ЮНИСЕФ ва ЮНЕП вакиллари иштирок этди.

Фото: "Замин" фонди

9 ноябр куни Тошкентда “Болалар ва ёшлар ҳаракатда – Марказий Осиёда иқлим ўзгариши” халқаро форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиларидан бири бўлган “Замин” фонди матбуот хизмати хабар берди.

Форум – болалар ва ёшларнинг иқлим ўзгариши салбий оқибатларига қарши (шу жумладан экологик таълимни илгари суриш орқали) курашишдаги ўрнини эътироф этишга бағишланган.

Форум очилишида Ўзбекистоннинг биринчи хоними, “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева, Туркиянинг биринчи хоними Эмине Эрдўған, Эрон президентининг рафиқаси Жамиле Aъламулхудо, Қирғизистоннинг биринчи хоними Aйгул Жапарова, Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНИСЕФ вакиллари, БМТ агентликлари, Марказий Осиё мамлакатларининг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, миллий институтлар, фуқаролик жамияти ва Марказий Осиё мамлакатларининг ёш экофаоллари иштирок етди.

Тадбирда Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда ёшлар ва болаларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича минтақавий стратегия имзоланди.

Зироат Мирзиёева ёш экофаолларга мурожаат қилиб, бу стратегиянинг қабул қилинишини муҳим қадам деб атади.

“Форумнинг бош иштирокчилари – сизлар. Бугун бу ерда сизларнинг тоза, соғлом ва барқарор муҳит учун курашдаги етакчилигингизни эътироф етиш мақсадида йиғилдик. Қўшниларимиз билан биргаликда Самарқанд экологик оромгоҳи якунлари бўйича ишлаб чиқилган Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда ёшлар ва болаларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича минтақавий стратегиянинг имзоланиши янги келажак сари ташланган муҳим қадам бўлади”, – деди “Замин” фонди раиси.

БМТнинг атроф-муҳит бўйича дастури – ЮНЕП ижрочи директори Ингер Aндерсен ўз нутқида узлуксиз "яшил" таълим ва экологик маданиятни шакллантириш орқали ёшлар салоҳиятини мустаҳкамлашга эътибор қаратди.

“Экологик таълим улкан аҳамиятга эга. У келажак авлодларга шунчаки норозилик вакиллари бўлиш эмас, балки ўзгаришларнинг драйверига айланиш учун зарур кўникма ва билимларни беради. Ниятимиз – кейинги авлодлар сайёра билан уйғун ҳаёт кечиришнинг янги ва яхшироқ усулларини орзу қиладиган дадил ҳукумат етакчилари, олим ва новаторлар бўлсин. Улар саноат корпорацияларида экологик тафаккур овози бўлсин. Ўз бизнесини яратиб, "яшил" ва экологик барқарор маҳсулот ва хизматларни тақдим етсин”, – деди у.

ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Регина Де Доминицис экология масалаларининг мактаб таълимига киритилишини қўллаб-қувватлади.

“Иқлим ўзгариши ва экологик таълим масалаларининг мактаб дастурларига киритилиши болалар ва ёшларнинг ўзгариб бораётган иқлимга мослашиш кўникмаларидан хабардорлигини оширишда муҳим қадамдир”, – деди ЮНИСЕФ вакили.

Тадбир иштирокчилари экологик таълим инклюзив, яъни барча учун очиқ ва тушунарли бўлиши кераклигини кўрсатиб ўтди.

“Болалар ва ёшлар ҳаракатда – Марказий Осиёда иқлим ўзгариши” халқаро форуми “Замин” фонди, ЮНИСЕФ, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ўтказилди.

Top