15:58 / 11.11.2023
9981

Путиннинг уруш бошланганидан бери биринчи тўғридан тўғри мулоқоти қачон ўтказилиши айтилди

Кремл 14 декабрни Россия президентининг тўғридан тўғри мулоқоти ва матбуот анжуманининг асосий санаси сифатида кўрмоқда, деб ёзади РБК. Путин билан бўлажак тўғридан тўғри мулоқот Россия қўшинлари Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаганидан бери биринчиси бўлади.

Фото: Гавриил Григоров / ТАСС

Кремл 14 декабрни Россия президенти Владимир Путиннинг тўғридан тўғри мулоқоти ва асосий матбуот анжумани учун асосий сана сифатида кўрмоқда. Бу ҳақда 10 ноябр, жума куни воқеаларга тайёргарлик билан таниш бўлган исми ошкор этилмаган икки суҳбатдошига таяниб, РБК агентлиги хабар берди. 

Путин россияликларнинг саволларига жавоб берадиган тўғридан тўғри мулоқот 2001 йилдан бери мавжуд. Унинг фуқаролар билан ушбу форматдаги бўлажак мулоқоти 2022 йил февралида Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаганидан кейинги биринчиси бўлади. 

Тўғридан тўғри мулоқот ва матбуот анжуманининг бирлаштирилиши

Бир неча кун олдин Россия президентининг тўғридан тўғри мулоқоти ва катта матбуот анжумани бу йил бир вақтнинг ўзида ўтказилиши маълум бўлди. Кремл формат ўзгариши сабабига аниқлик киритмади. 

Ўтган йилларда тўғридан тўғри мулоқот одатда ёзда, катта матбуот анжумани эса қишда бўлиб ўтган. 2020 йилда, COVID-19 пандемияси даврида декабр ойида фақат матбуот анжумани ўтказилди. 2022 йилда ҳеч қандай тадбир ўтказилмаган. 

Top