Пайшанба куни Шимолий Кореянинг ахборот агентлиги Владимир Путиннинг Пхенянга икки кунлик ташрифи чоғида имзоланган КХДР ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги битим матнини эълон қилди. Аввалроқ Россия президенти эълон қилганидек, ҳужжат иштирокчилардан бирига қарши тажовуз рўй берган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутади. Бу уни имзолаганлар, шунингдек бошқа мамлакатлар учун нимани англатади?

Имзоланган ҳужжатнинг 4-бандида шундай дейилади: «Агар томонлардан бири қандайдир давлат ёки бир неча давлатлар томонидан қуролли ҳужумга учраса ва шу тариқа уруш ҳолатига тушиб қолса, у ҳолда иккинчи томон зудлик билан БМТ Низомининг 51-моддасига ҳамда Корея Халқ Демократик Республикаси ва Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ, зудлик билан ўз ихтиёридаги барча воситалар орқали ҳарбий ва бошқа турдаги ёрдамларни кўрсатади».

Экспертлар ва тарихчилар дарҳол бу банд КХДР ва СССР ўртасидаги 1961 йилги шартнома бандлари билан деярли бир хил эканига эътибор қаратишди — фақат БМТ Низомига ҳавола берилгани бундан мустасно.

БМТ Низомининг 51-моддаси аъзо мамлакатнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиши учун индивидуал ёки коллектив мудофаа чоралари кўриш ҳуқуқига эгалигини назарда тутади, дея эслатган Reuters агентлиги.

Бундан ташқари, имзоланган келишувда томонлардан бирига қуролли тажовуз қилиш таҳдиди юзага келган тақдирда, давлатлар «ўз позицияларини мувофиқлаштириш ва юзага келаётган таҳдидни бартараф этишда бир-бирига ёрдам бериш учун мумкин бўлган амалиёт чораларни келишиш» учун маслаҳатлашувлар ўтказиши айтилган.

Жанубий Корея ҳукуматининг собиқ мулозими, ҳозирда Сеулдаги Асан сиёсий тадқиқотлар институтида ишлаётган Ча Ду Ҳёгн Reuters агентлиги билан суҳбатда ўзаро мудофаа мажбуриятлари 1961 йилги келишувдагига ўхшаш бўлса-да, БМТ Низоми ва ҳар бир мамлакатлар қонунларига ҳавола берилганини турлича талқин қилиш мумкинлигини ҳамда бу келишувни иттифоқ дейиш қийин эканини айтади.

«Чунки Ким бу шартнома тузилиши учун барча ишни қилмоқчи, Путин эса буни истамайди», — деб ҳисоблайди у.

Сеулдаги Корея миллий бирлашув институти ходими Чо Хан Бом Reuters билан суҳбатда имзоланган келишувни Россия учун катта ғалаба деб атаган ва бу Украинадаги урушда Шимолий Корея томонидан қўллаб-қувватлов учун ҳуқуқий асос яратишини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, келишувдаги формулировка Москвага ўзи шуни истаса, чегарадаги тўқнашувлар ёки бошқа бўлажак можаролар юзага келган тақдирда Шимолий Кореяга ёрдам беришдан қочишга имкон беради.