09:45 / 16.11.2023
3441

Deutsche Bank Намангандаги лойиҳаларга 1 млрд доллар йўналтиришни режалаштиряпти

Германия банки билан лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилинадиган молиявий манбалар бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Фото: picture-alliance/dpa/F. Rumpenhorst

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Германиянинг йирик молия сектори раҳбарлари билан музокара ўтказди.

Euler Hermes компанияси ижрочи директори Томас Баум билан музокарада мазкур компания томонидан Наманган вилояти  корхоналарига Германия банклари томонидан имтиёзли маблағларни тақдим этиш ҳамда экспортчи корхоналарга амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Euler Hermes мутахассислари томонидан Наманган вилоятида бизнес-семинар ташкил этиши бўйича келишувга эришилди.

Навбатдаги учрашувда Германия молия институтларини Наманган вилояти билан инвестициявий ҳамкорлиги масалалари муҳокама этилди.

Deutsche Bank ижрочи директори Йорг Бонгарц билан ўтказилган музокарада Наманган вилоятида амалга ошириладиган умумий қиймати 1 млрд долларлик истиқболли инвестициявий лойиҳалар бирма-бир кўриб чиқилди. 

Уларни ҳаётга татбиқ этиш учун жалб этиладиган молиявий манбалар бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Йорг Бонгарц Наманган вилоят банкларини жорий йил декабр ойида Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган Deutsche Bank кенгаш саммитига таклиф этди.

Шунингдек, 2024 йил баҳор ойида Германия - Наманган бизнес-форумига тайёргарлик кўриш бўйича амалий ишлар билан шуғулланувчи қўшма комиссия ўз ишини бошлади.

Top