13:25 / 27.11.2023
7365

КХДР Жанубий Корея билан чегара яқинида қўшинлар ва қурол-яроғларни жойлаштирди

2018 йилги Кореялараро ҳарбий келишув тўхтатилганидан сўнг, Шимолий Корея қуролсизлантирилган ҳудудда вайрон қилинган хавфсизлик постларини қайта қурмоқда, дея баёнот берди Сеул.

Фото: AP

Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий келишув қисман тўхтатилганидан сўнг, КХДР расмийлари икки давлат чегараси яқинидаги қуролсизлантирилган ҳудудга қўшинлар ва оғир қуролларни жойлаштирди. Бу ҳақда 27 ноябр, душанба куни Жанубий Кореянинг «Рёнхап» агентлиги мамлакат қуролли кучларига таяниб хабар берди. Афтидан, Пхенян 2018 йилда Кореялараро ҳарбий келишув тузилганидан кейин демонтаж қилинган хавфсизлик постларини тиклашга ҳаракат қилмоқда, дея таъкидлади Жанубий Корея қуролли кучлари вакиллари.

Уларга кўра, оғир қуролланган Шимолий Корея аскарлари 24 ноябрдан буён бир неча жойларда постларни тикламоқда. Шимолий Корея ҳозирда бир нечта қўриқлаш постларини қайта қурмоқда, бироқ уларнинг барчаси қайта тикланиши кутилмоқда, деди журналистларга Жанубий Корея армиясининг юқори мартабали амалдори. 

Жанубий Корея КХДР ҳаракатларини диққат билан кузатиб бормоқда 

Сеул кутилаётган провокациялар аломатларини аниқлаш мақсадида КХДР ҳаракатларини диққат билан кузатишга ваъда берди. Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёл ҳам Сеул чегара яқинидаги ҳаракатларни кузатиши ҳақида огоҳлантирди. 

Айни вақтда, Пхенян сунъий йўлдош учирилиши давом этиши ва ўзининг суверен ҳуқуқларини амалга ошириши ҳақида эълон қилади, деб хабар берди Корея марказий телеграф агентлиги (КМТА) Ташқи ишлар вазирлигига таяниб.

Сеул 2018 йилги Кореялараро келишувни қисман тўхтатди

22 ноябр куни Сеул ҳарбий кескинликни камайтириш бўйича 2018 йилги Кореялараро келишувнинг бир қисмини тўхтатгани маълум бўлди. Бу қарор Шимолий Корея ҳарбий разведка сунъий йўлдошини учириши муносабати билан қабул қилинган. Ҳукумат, шунингдек, чегарада разведка ва кузатувни тиклашга қарор қилди. «Шимолий Корея Корея яриморолидаги ҳарбий кескинликни пасайтириш ва ишончни мустаҳкамлашга қаратилган 19 сентябрдаги ҳарбий келишувга амал қилиш истаги йўқлигини яққол кўрсатмоқда», — деди бош вазир Хан Док Су. Шартноманинг 1-моддаси 3-банди тўхтатилиши Сеулга икки Кореяни ажратиб турувчи ҳарбий демаркация чизиғи ҳудудида тезкор разведка операцияларини тиклаш имконини беради.

Бир кун аввал Шимолий Корея ҳарбий разведка сунъий йўлдошини учириш бўйича учинчи уринишни амалга оширди, КМТА маълумотларига кўра, у муваффақиятли якунланди. Хабар қилинишича, «Маллиген-1» сунъий йўлдоши орбитага муваффақиятли учирилган, КХДР етакчиси Ким Чен Ин нима бўлаётганини шахсан кузатиб борган. Мамлакат «тез орада» яна бир нечта шунга ўхшаш сунъий йўлдошларни учиришни режалаштирмоқда, дея таъкидлади КМТА. 

2018 йилда иккала Корея кескинликни пасайтириш ва тасодифий тўқнашувларнинг олдини олиш бўйича келишув доирасида қуролсизлантирилган ҳудуддаги 11 та хавфсизлик постидан 10 тасини портлатиб юборганди. 

Top