10:16 / 12.12.2023
11205

Ўзбекистоннинг 15 та логистика маркази халқаро қуруқлик портлари мақомини олиши мумкин

Ўзбекистондаги йирик мултимодал логистика марказларини «Қуруқлик портлари» халқаро келишувига қўшиш ҳамда уларга халқаро қуруқлик портлари мақомини бериш юзасидан БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссиясига таклиф берилди.

Фото: Транспорт вазирлиги

БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссиясида бўлиб ўтган «Қуруқлик портлари ва мултимодал транспорт» бўйича экспертлар учрашувида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори иштирок этди.

Учрашувда республикадаги 15 та йирик мултимодал логистика марказларини халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан ўтказилган ўрганишлар тўғрисида маълумот берилди ва уларни халқаро логистика тизимига интеграциясини амалга ошириш мақсадида халқаро келишувнинг иловасига қўшиш юзасидан тегишли таклиф тақдим этилди.

Маълумот ўрнида, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги логистика марказларини БМТнинг «Қуруқлик портлари» халқаро келишуви талабларига мувофиқ келиши юзасидан ўрганиш олиб борган.

Top