08:01 / 18.12.2023
2080

Ўзбекистон ва БМТ Наркотиклар бўйича бошқармаси ўртасида Афғонистондаги вазият муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг Вена шаҳридаги халқаро ташкилотлардаги доимий вакили, элчи Бахтиёр Ибрагимов БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) сиёсий таҳлил ва жамоатчилик билан алоқалар бўлинмаси директори Жан-Люк Лемайё билан учрашди.

Фото: Дунё АА

«Дунё» хабарига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва UNODC ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама қилинди. Жан-Люк Лемайё Ўзбекистон ҳукуматига гиёҳванд моддалар тарқалишига қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни, хусусан, Афғонистон ва қўшни давлатларда наркотик моддалар билан боғлиқ вазиятни мониторинг қилиш бўйича тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Учрашувда минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалалар, хусусан, Афғонистондаги вазият муҳокама қилинди. Томонлар кўп томонлама халқаро ҳамкорлик трансмиллий жиноятчилик, наркотик воситаларининг ноқонуний айланиши ва улардан фойдаланишга қарши курашиш бўйича самарали халқаро чораларни мувофиқлаштиришнинг калити эканлигини таъкидладилар.

Шунингдек, нафақат касбий маҳоратга, балки рақамли хавфсизлик соҳасида ахлоқий ва ҳуқуқий жиҳатларни ривожлантиришга йўналтирилган таълим дастурларини шакллантириш зарурлиги ҳам таъкидланди.

Бундан ташқари, назарий билим ва амалий кўникмаларни ўзида мужассам этган мутаносиб ёндашувга алоҳида эътибор қаратилди, бу нафақат рақамли таҳдидларни таҳлил қилиш ва олдини олишга, балки реал вақт режимида уларга фаол жавоб қайтаришга тайёр бўлган мутахассисларни тайёрлаш муҳимлигини таъкидлайди. Ушбу комплекс ёндашув технологик муҳитнинг доимий эволюцияси шароитида рақамли жиноятларга қарши курашнинг барқарор тизимини шакллантиришга кўмаклашади.

Top