21:26 / 19.12.2023
29853

Шойгу Путинга ҳисобот берди ва «Россия армияси дунёдаги энг жанговар армия» эканини айтди

Сергей Бобилев / Кремл матбуот хизмати / imago images / Scanpix / LETA

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путинга Украинада кетаётган «махсус ҳарбий операция» бўйича ҳисобот берди.

Унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари қарши ҳужум вақтида ҳеч нарсага эриша олмади ва катта йўқотишларга дуч келди.

«Чет эллик кураторлар томонидан тайёрланган қарши ҳужум пайтида Украина Қуролли кучлари ҳеч нарсага эриша олмади ва катта йўқотишларга дуч келди. Уруш бошланганидан бери Украина 383 минг ҳарбий хизматчини (ҳалок бўлганлар ва яраланганлар) йўқотди. Биз Полшадан 1427 нафар, Америкадан 466 нафар, Буюк Британиядан 344 нафар ёлланма аскарни ўлдирдик», деди Шойгу.

Шунингдек, вазир армияни қайта қуроллантириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар олиб борилганини маълум қилди.

«Биз армияни қайта қуроллантириш бўйича мисли кўрилмаган қадамлар ташладик. Ҳарбий-саноат мажмуасининг қувватини 4 баробарга, танклар ишлаб чиқаришни 5,6 баробарга, учувчисиз самолётлар ишлаб чиқаришни 16,8 баробарга, артиллерия ўқ-дориларини 17,5 баробарга оширдик. Қўшинлар ҳамма нарса билан таъминланган. Илгари қуролларни ишлаб чиқиш учун 5-8 йил керак бўлган бўлса, ҳозир 4-7 ой давом этади. «Улуғ Ватан уруши»дан бери бундай бўлмаган», деди Шойгу.

Унинг таъкидлашича, Россия ҳарбий технологиялари НАТО мамлакатларидаги технологиялардан устунлигини кўрсатди.

«Россия технологиялари НАТО мамлакатларидаги технологиялардан устунлигини кўрсатди. Ярадорларнинг омон қолиш даражаси сезиларли даражада яхшиланди, уларнинг 98 фоизи тузалиб кетди. Россия ҳарбийлари жасорат кўрсатмоқда: 320 минг киши мукофот олди, 272 нафари Россия Қаҳрамони унвонини олди. «Махсус ҳарбий амалиёт» армия ва халқни бирлаштирди. Ҳар куни бир ярим минг киши шартнома тузмоқда. Ҳақиқат тарафида бўлишни истовчи хорижлик кўнгиллилар сони етти баробар ошди», деди Шойгу.

Вазир 2024 йилда амалга ошириш режалаштирилган тадбирларни ҳам санаб ўтган.

«Махсус ҳарбий амалиёт» Россия ҳар қандай замонавий душманнинг ҳаракатларига жавоб беришга қодирлигини кўрсатди. Россия армияси дунёдаги энг яхши ўргатилган ва энг яхши жанговар тайёргарликка эга армия. У жангда исботланган энг илғор қуролларга эга. Тез орада қуролли кучлар сони бир ярим миллионга етказилади.

2024 йилга мўлжалланган вазифаларимиз: мақсадларга тўлиқ эришилгунга қадар «Махсус ҳарбий амалиёт»ни давом эттириш, Сурия ва Қорабоғда тинчлик сақланишини таъминлаш, «Сармат»ни ҳарбий навбатчиликка жойлаштиришни якунлаш, шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар сонини 745 минг кишига етказиш. Армияни изчил ривожлантириш ва унинг салоҳиятини ошириш йўли давом этади», деди Шойгу.

Meduza нашри Сергей Шойгу нутқини таҳлил қилган ва кўплаб маълумотларнинг ҳаққонийлигига шубҳа билдирган.

«Шойгу бир нарсада ҳақли – Россия армияси 20 ойлик уруш давомида катта тажриба орттирди, гарчи асосан салбий бўлса-да. Маълум бўлишича, Россия Қуролли кучлари ҳужумкор мақсадларига эриша олмаган (кучли душманга қарши). 2023 йил давомида армия бир неча ҳужум операцияларини ўтказди, уларнинг ҳеч бири муваффақият билан якунланмади. Ягона нисбий муваффақият – Бахмут, Соледар ва уларнинг атрофини босиб олиш – асосан армияга рақобатчи «Вагнер» ХҲК томонидан эришилди», деб ёзди нашр.

Нашр таҳлилига кўра, Россия қўмондонлиги Украинадаги урушда асосий муаммони ҳал қила олмаяпти.

«Россия қўмондонлиги ҳалигача ҳал қила олмайдиган асосий муаммо – бу авиациянинг Украина осмонида ҳукмронлик ўрнатишга қодир эмаслиги. Ваҳоланки, улар сон жиҳатдан кам бўлган (лекин кучли ҳаво мудофааси билан) ҳаво кучлари билан тўқнашмоқда. Авиациянинг заифлиги қўшинларнинг душман мудофаасини ёриб ўтолмаслиги ва манёвр операцияларини ўтказишга қодир эмаслигига олиб келмоқда. Россия Аэрокосмик кучлари сони камайди: уруш пайтида улар юзга яқин самолётни йўқотди, улардан 30 дан ортиғи замонавий эди (бу фақат видео ва фото далиллар билан тасдиқланган йўқотишлар) ва ҳарбий саноатдан фақат бир нечта (ёки ўнлаб) самолётларни олди холос», деб ёзди нашр.

Meduza таҳлилига кўра, Россия Украинада кўплаб ҳарбий техникани йўқотди.

«Бошқа кўплаб турдаги ускуналар сони ҳам камайди – ва камайишда давом этмоқда. Шундай қилиб, 2023 йилда Россия Қуролли кучлари 900 га яқин танкни йўқотди, улар шикастланган ёки ташлаб кетилган (видео билан исботланган). 2022 йилда 1600 га яқини йўқотилган эди. Ҳарбий саноат, катта эҳтимол билан армияни 300 дан ортиқ бўлмаган танклар билан таъминламоқда, шу жумладан янги ва қайта тикланган совет моделлари билан», деб ёзди нашр.

Россия урушга мослаша олгани ва ҳарбийлар сонини оширишга эришгани қайд этилган.

«Шу билан бирга, Россия Қуролли кучлари мослашиш қобилиятини кўрсатди – масалан, армиянинг янги тармоғи – учувчисиз авиация нолдан яратилди, бунда Россия армияси ҳозирда Украина армиясидан устундир. Техника етишмаслигига қарамай, рус армиясининг сони ҳам ошди. Бироқ, унинг таркибида янги (2023 йилги) чақириқ «кўнгиллилари»нинг салмоқли қисми борлиги ҳақида ҳали ҳеч қандай далил йўқ. Армиянинг асосини «эски» шартнома бўйича аскарлар ва 2022 йил кузида сафарбар қилинганлар ташкил қилмоқда», деб ёзди нашр.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top