13:06 / 30.12.2023
23100

Кунига 2 мингта, бир йилда миллион парвоз – дунёдаги энг кўп йўловчи ўтказаётган аэропортлар

Бугун дунёнинг гавжум аэропортлари бир йилда 60-80 млн атрофида йўловчи ўтказмоқда. Энг гавжум аэропортдан қарийб 100 млн нафар йўловчи фойдаланади. Бу аэропортлардан ҳар куни минглаб самолёт учиб-қўнади. Терминалларда юзлаб кириб-чиқиш жойлари бор. 2020 йилда пандемия туфайли кўрсаткичлар бироз пасайди. Бироқ 2021 йилдан бошлаб барчаси яна ўз ўрнига тушди ва ҳатто кўрсаткичлар оша бошлади.

Халқаро аэропортлар кенгаши (Airports Council International) 2022 йилда энг кўп йўловчи ўтказган аэропортлар рейтингини эълон қилди. Унга кўра 1-ўринни Атланта шаҳридаги Харстфилд-Жексон номидаги халқаро аэропорт эгаллаган. Бу аэропорт 2022 йилда 93,7 млн нафар йўловчи ўтказган.

Агар Топ-10 дан ўрин олган аэропортларни 2021 йилдаги рўйхат билан солиштириб кўрилганда рейтингда анча ўзгаришлар бўлганини кўриш мумкин.

Масалан, 2022 йилда 66 млн нафар йўловчи ўтказиб, 5-ўринга жойлашган Дубай халқаро аэропорти 2021 йилда 29,1 млн йўловчи ўтказган ва рейтингда 27-ўринни олган.

Лондон халқаро аэропорти 2022 йилда 61,6 млн йўловчи ўтказиб, 8-ўринни эгаллаган бўлса, 2021 йилда 19,4 млн йўловчи ўтказиб, 54-ўринни эгаллаган.

Шунингдек, АҚШдаги Орландо халқаро аэропорти 2021 йилда 40,3 млн йўловчи ўтказиб, Топ-10 да 7-ўринни эгаллаган. 2022 йилда 50 млн йўловчи ўтказган бўлса ҳам, 17-ўринга тушиб кетган.

2022 йилда йўловчиларни ўтказиш бўйича Топ-10 га кирган аэропортлар рўйхати қуйидагича бўлган:

Аталанта шаҳридаги Хартстфилд-Жексон халқаро аэропорти
commons.wikimedia.org

1. Хартстфилд-Жексон халқаро аэропорти (Атланта шаҳри, АҚШ)

Жоржия штатидаги Атланта шаҳрида жойлашган Харстфилд-Жексон номидаги халқаро аэропорт йўловчини ўтказиш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллайди. У 2022 йилда 93,7 млн нафар йўловчини ўтказган.

Хартстфилд-Жексон халқаро аэропорти 1926 йилда ишга туширилган бўлиб, уни Атланта шаҳар маъмурияти бошқаради. У Delta Connection байроғи остида парвоз қиладиган Delta Air Lines, AirTran Airways, Shuttle America ва у билан ҳамкорлик қиладиган Atlantic Southeast Airlines авиакомпаниялари учун марказ ҳисобланади.

Аэропорт биносида жами 196 та чиқиш жойи бор. Бу ердан ички парвозлар бўйича 150 та шаҳарга, дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларига қатновлар амалга оширилади.

Аталанта аэропортидан кунига ўртача 250 мингдан ошиқ йўловчи фойдаланади ва бир йилда жами миллионга яқин учиш-қўниш амалга оширилади.

Аэропортда бешта учиш-қўниш йўлаги бўлиб, ҳар куни 2 500 та қатнов амалга оширилади. Мазкур аэропорт 2021 йилда 75,7 млн нафар йўловчи ўтказган ва рейтингда 1-ўринни эгаллаган.

Далласдаги Форт-Уэрт аэропорти
www.airliners.net

2. Форт-Уэрт аэропорти (Даллас, АҚШ)

Техас штатида жойлашган Даллас шаҳридаги Форт-Уэрт аэропорти (халқаро қисқартмаси DFW) 1974 йилда очилган. 2022 йилда у қарийб 73,4 миллион нафар йўловчи ўтказган ва бу кўрсаткич бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллайди.

Мазкур аэропорт American Airlines авиакомпаниясининг асосий маркази ҳисобланади ва барча парвозларнинг 80 фоиздан ошиғи унга тегишли.

Бундан ташқари Форт-Уэрт аэропорти American Eagle Airlines авиакомпаниясининг эса йирик марказларидан бири саналади.

Аэропорт биноси дунёдаги энг йирикларидан бири ҳисобланиб, унинг еттита учиш-қўниш йўлаги бор. Аэропортдан бир йилда миллионга яқин учиш ва қўниш амалга оширилади.

Мазкур аэропорт 2021 йилда 62,4 млн йўловчи ўтказган ва рейтингда 2-ўринни банд қилган.

Денвер халқаро аэропорти
otadumygi.mezoka.com

3. Денвер халқаро аэропорти (АҚШ)

Колорадо штатида жойлашган Денвер аэропорти 2022 йилда қарийб 69,3 млн нафар йўловчи ўтказди ва дунё рейтингида учинчи ўринни олди.

Денвер аэропорти ҳудуди бўйича ҳам дунёнинг йирик аэропортларидан бири ҳисобланади ва Саудиядаги Қирол Холид аэропортидан сўнг иккинчи ўринни эгаллайди.

Денвер аэропортининг ҳозирги биноси 1995 йилда фойдаланишга топширилган. Уни қуришга қарийб 5 млрд доллар сарфланган. У Frontier Airlines учун асосий, United Airlines учун иккинчи муҳим марказ ҳисобланади.

Мазкур аэропорт 2021 йилда 58,8 млн нафар йўловчи ўтказган ва рейтингда 3-ўринни эгаллаган.

Чикагодаги халқаро аэропорт
abc7chicago.com

4. О’Хара халқаро аэропорти (Чикаго, АҚШ

Иллинойс штатидаги Чикаго шаҳрида О’Хара аэропорти 2022 йилда 68,3 млн нафардан ошиқ йўловчи ўтказган ва бу кўрсаткич билан халқаро рейтингда тўртинчи ўринни эгаллаган.

Аэропорт 1944 йилда ишга туширилган бўлиб, унда ҳозир тўртта терминал ва қарийб 200 та чиқиш жойи бор. О’Хара халқаро аэропорти United Airlines, United Express, American Airlines ва American Eagle авиакомпаниялари учун асосий марказ ҳисобланади.

Мазкур аэропортдан бир йилда 900 минг–1 млн бир кунда эса 2 500-2600 та учиш ва қўниш амалга оширилади. Бу ердан кўплаб маҳаллий қатновлар билан бирга дунёнинг 60 дан ошиқ шаҳарларига парвозлар амалга оширилади.

О’Хара аэропорти 2021 йилда 54 млн йўловчи ўтказган ва рейтингда 4-ўринни олган.

Дубай халқаро аэропорти
www.hespress.com

 5. Дубай халқаро аэропорти (БАА, халқаро коди DXB)

Дубай аэропорти 2022 йилда 66 млн нафар йўловчи ташиган ва бу кўрсаткич билан дунё аэропортлари рейтингида бешинчи ўринни эгаллаган.

Мазкур аэропорт 1960 йилда ишга туширилган бўлиб, у 1990-йиллардан бошлаб кенгая бошлаган. 2001 йилда янги йўловчи ва юк терминаллари қурилди, бу эса аэропорт имкониятларини кескин ошириб юборди. Аэропортга Дубай амирлиги ҳукумати эгалик қилади.

Дубай аэропорти Emirates Airline авиакомпаниясининг асосий маркази бўлиб, бу ердан амалга оширилаётган парвозларнинг 60 фоизи шу авиакомпания ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, бу аэропорт Jazeera Airways, Iran Aseman Airlines, Аirblue, Royal Jordanian авиакомпаниялари учун иккинчи марказ ҳисобланади.

Дубай аэропорти 2021 йилда жуда паст натижа кўрсатган ва 29 млн нафар йўловчи ўтказиб, рейтингда 27-ўринни эгаллаган.

Лос-Анжелес аэропорти
stock.adobe.com

6.  Лос-Анжелес халқаро аэропорти (АҚШ, халқаро коди LAX)

Лос-Анжелес аэропорти 2022 йилда 65,9 млн нафар йўловчи ташиган ва халқаро рейтингда олтинчи ўринни эгаллаган. У Air New Zealand, Alaska Airlines, Allegiant Air, American Airlines, Delta Air Lines ва United Airlines учун муҳим марказлардан бири ҳисобланади.

Мазкур аэропорт 1928 йилда ишга туширишган ва ўтган қарийб 100 йил давомида талабга қараб кенгайтириб келинган. Ҳозирда унда тўртта учиш-қўниш йўлаги, тўққизта терминал бор.

Лос-Анжелес аэропорти 2021 йилда 48 млн йўловчи ўтказган ва жаҳон рейтингида 5-ўринни банд қилган.

Истанбул халқаро аэропорти
www.yenisafak.com

7.  Истанбул халқаро аэропорти (Туркия)

Истанбул халқаро аэропорти 2018 йил октябр ойида ишга тушди. 2019 йилда Мустафо Отатурк номидаги аэропорт ёпилгач янги аэропорт Истанбулдаги асосий ҳаво қўналғаси бўлиб қолди.

У ҳудуди жиҳатдан Европадаги энг йирик аэропорт ҳисобланади. 2022 йилда мазкур аэропорт 64,3 млн нафар йўловчи ўтказган. Истанбул аэропорти дунёдаги энг йирик авиакомпаниялардан бири бўлган Turkish Airlines учун асосий қўналға ҳисобланади.

Истанбул аэропортидан 350 та йўналишга парвоз қилиш мумкин. Ҳозир унинг йўловчи ўтказиш қуввати йилига 70 миллион кишини ташкил этади. Яқин келажакда аэропортни йилига 150-200 миллион йўловчига хизмат кўрсата оладиган қилиш режалаштирилган.

Истанбул аэропорти 2021 йилда 37 млн йўловчи ташиган ва ўша йили рейтингда 14-ўринни эгаллаган.

Ҳитроу аэропорти
www.airliners.net

8. Ҳитроу аэропорти (Лондон, Буюк Британия)

Ҳитроу 1929 йилда ишга туширилган бўлиб, у нафақат Британиядаги, балки дунёдаги йирик аэропортлардан бири ҳисобланади. Мазкур аэропорт 2022 йилда 61,6 млн нафар йўловчини ўтказган.

Аэропортда олтита терминал бўлиб, бешинчиси 2008 йилда ишга туширилган ва уни ўша пайтда қиролича Елизавета 2 очиб берган эди. Олтинчи терминал 2014 фойдаланишга топширилган. Терминалларнинг бештаси йўловчиларга хизмат кўрсатади. Биттаси юк терминали ҳисобланади.

Ҳитроу аэропорти British Airways ва Iberia авиакомпаниялари учун асосий марказ ҳисобланади. Бу ердан 90 дан ошиқ авиакомпания дунёнинг турли бурчакларига 190 та йўналиш бўйича парвозларни амалга оширади.

Ҳитроу биринчи жаҳон урушида Британия ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли аэродром ўрнида қурилган. Шундан сўнг у учиш-қўниш йўлакчасини қуриш пайтида бузиб ташланган Heath Row қишлоғи номи билан аталган.

2021 йилда Ҳитроу 19,4 млн нафар йўловчини ўтказган ва умумий рейтингда 54-ўринни олган.

Индира Ганди номидаги аэропорт
www.lenta.ru

9. Индира Ганди халқаро аэропорти (Деҳли, Ҳиндистон)

Деҳлидаги аэропорт ўрнида бир пайтлар Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли аэродром бўлган. 1962 йилда ундан фуқаро авиациясида фойдалана бошлашган.

1986 йилда Деҳли аэропорти яна кенгайтирилади ва янги терминал фойдаланишга топширилади. Ўша йили унга 1984 йилда суиқасд билан ўлдирилган Ҳиндистон собиқ бош вазири Индира Ганди номи берилади.

2022 йилда бу аэропорт 59,5 млн нафар йўловчи ўтказган. У Indian Airlines ва Kingfisher Airlines авиакомпаниялари учун асосий қўналға ҳисобланади.

Деҳлидаги аэропортдаги терминаллар маҳаллий ва хорижий қатновлар учун алоҳида, Indian Airlines ва Kingfisher Airlines авиакомпаниялари учун алоҳида хизмат кўрсатади.

Бундан ташқари, бу аэропортда Ҳиндистондан Саудия Арабистонига Умра ва Ҳаж зиёратига борадиганлар учун алоҳида терминал хизмат кўрсатади.

Шарл де Голл аэропорти
www.travel365.md

10. Шарл де Голл халқаро аэропорти (Париж, Франция)

Париждаги аэропорт 1974 йилда ишга туширилган. У 2022 йилда 57,4 млн нафар йўловчи ўтказган. У Air France авиакомпанияси учун асосий қўналға ҳисобланади.

Шунингдек, бу аэропорт XL Airways France, Американинг Delta Air Lines ва асосан юк ташиш билан шуғулланувчи FedEx Express авиакомпаниялари учун муҳим қўналға саналади.

Бундан ташқари, ЕasyJet ва Vueling лоукостерлари Париж аэропортидан муҳим операцион база сифатида фойдаланишади. Аэропорт Париждан 25 км узоқликда жойлашган.

Париж аэропортига дунёнинг 100 дан ошиқ авиакомпаниялари парвозларни амалга оширишади. Бу ерда ҳар куни 150 минг атрофида йўловчиларга хизмат кўрсатилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади. 

Top