13:54 / 16.01.2024
1076

Ўзбекистон ва Япония қўшма лойиҳаларга ёрдам кўрсатиш бўйича «йўл харитаси»ни шакллантирди

Ўзбекистон ва Япония Тошкентда бўлиб ўтган бизнес-форум якунида қўшма лойиҳаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича «йўл харитаси»ни шакллантирди.

Фото: Дунё

Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат давлат вазири Рёсукэ Козукининг ташрифи доирасида Тошкентда Ўзбекистон–Япония бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири маълумотига кўра, унда тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакатнинг IТ, энергетика, рақамли трансформация, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тиббиёт ва фармацевтика ва бошқа йўналишлар соҳаларида фаолият юритувчи 200 га яқин йирик компаниялари вакиллари иштирок этди.

Қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида IТ-соҳаси, муқобил энергетика, таълим, тиббиёт, туризмни ривожлантириш, рақамлаштиришни кенгайтириш соҳалари белгилаб олинди.

Бизнес-форум давомида G2B ва В2В учрашувлари ҳам ташкил этилиб, унда иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш масалаларини атрофлича муҳокама қилишди.

Форум якунида таълим, IТ-технологиялари, муқобил энергетика ва тиббиёт, геодезия ва картографияда космик технологиялардан фойдаланиш соҳаларида 14 та ҳужжат имзоланди. Алоҳида «йўл харитаси» шакллантирилди, унга кўра ҳар бир лойиҳани амалга оширишга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади.

Top