11:35 / 18.01.2024
15804

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган айрим товарлар божхона божидан озод қилинди

2024 йил 1 мартдан 2026 йил 1 мартгача тадбиркорлар томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган қатор товарлар божхона божи тўланишидан озод этилади.

Фото: Kun.uz

“Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

2024 йил 1 мартдан 2026 йил 1 мартгача тадбиркорлар томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган қуйидаги товарлар божхона божлари тўланишидан озод этилади:

  • меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари, савдо-кўнгилочар мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, мебель ва инвентарлар, қурилиш материаллари ва бошқа материаллар;
  • чўмилиш ҳавзалари (бассейн) ва аквапарклар учун мўлжалланган асбоб-ускуналар, жиҳозлар, турникетлар, тўлов-маълумот терминаллари, видеокузатув тизимлари, янги замонавий энергия тежовчи тизимлар, махсус сув тозалаш филтрлари;
  • туризм марказларида жойлашган заргарлик ва олтин маҳсулотлари чакана савдоси дўконлари фаолиятини ташкил қилиш учун керак бўладиган қурилиш (реконструкция ва модернизация қилиш) материаллари, асбоб-ускуналар ва технологиялар.

Мўйноқ ва Зомин аэропортларига парвозлар амалга оширилганда 23 ёшгача бўлган ёшлар, ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахслар учун авиайўловчилар чипталарини сотиш 50 фоизлик имтиёзли тарифлар бўйича амалга оширилади ҳамда йўловчи ташувчи компанияларнинг ушбу имтиёз тақдим қилиш билан боғлиқ харажатлари бюджет ҳисобидан қоплаб берилади.

Меҳмонхона ва туризм хизматларини кўрсатиш бўйича давлат активларини савдога чиқаришда харид тўловларини, миқдоридан қатъи назар, 5 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилади ҳамда 3 ойдан ортиқ муддат сотилмасдан турган активларнинг бошланғич баҳосини 30 фоизгача пасайтириш, зарур ҳолларда, баланс (қолдиқ) қийматида сотиш чоралари кўриб борилади.

Top