18:44 / 25.01.2024
9862

Қирғизистонда жинсий дахлсизликка қарши жиноят ишини томонлар ярашуви туфайли ёпиш тақиқланди

Шу билан бирга, жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар бўйича қонундаги «жазодан қочиш имконини берувчи бўшлиқлар» ҳам олиб ташланди. 

Қирғизистон президенти Садир Жапаров жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар учун жазони кучайтирувчи қонунни имзолади. Хусусан, энди оғир жиноятлар, жумладан, зўрлаш бўйича жиноят ишлари томонларнинг ярашуви туфайли тугатилмайди. 

Шу билан бирга, жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар бўйича қонундаги «жазодан қочиш имконини берувчи бўшлиқлар» ҳам олиб ташланади. 

Жумладан, даъво муддати ўтиб кетгани боис жиноят ишини очишни рад қилиш, бундай жиноятни содир қилган шахсга пробацион назоратни қўллаш, шунингдек, гаров эвазига озод қилиш имконсиз бўлади. 

Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун ўтгач (1 февралдан) кучга киради. 

Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири Элвира Сурабалдиева таъкидлаганидек, ташаббус аёллар ва болаларни ҳимоя қилишга қаратилган. 

«Томонлар ярашганидан кейин ишни тугатиш тўғрисида аёллар томонидан кўплаб мурожаатлар тушмоқда. Томонларнинг ярашувидан кейин тугатилган ишлар бўйича расмий статистик маълумотлар йўқ. Баъзи фактлар ҳатто қайд этилмаган. Дўқ-пўписа ва қўрқитиш туфайли аёллар ўз даъвосидан воз кечиб, ариза ёзишга мажбур бўлмоқда», деди депутат. 

Қирғизистон Олий суди маълумотларига кўра, 2022 йилда жинсий дахлсизликка қарши жиноят содир этганлар тўққиз ҳолатдан олтитасида ҳақиқий қамоқ жазосидан қутулиб қолган. Шу билан бирга, мамлакатда зўрлашлар сони йил сайин ортиб бормоқда: 2023 йил январ-октябр ойларида бундай жиноятлар сони 1,8 баробар ошган.

Top