17:17 / 02.02.2024
6904

Фото: Тошкентдаги иссиқхоналарнинг бирида автомобил шиналари ёқилгани аниқланди

Бектемир туманидаги «Бекуз келажак» иссиқхонаси олов ёқишда автомобил шиналаридан фойдалангани ва филтрловчи мосламалари носоз экани аниқланди. Ҳозирда ҳолат юзасидан атроф-муҳитни ифлослантирганлик бўйича ҳисоб-китоб ишлари олиб борилмоқда.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги «Бекуз келажак» иссиқхонаси томонидан атмосферага заҳарли газлар чиқарилаётгани аниқланди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, иссиқхонанинг филтрловчи мосламалари носоз экани аниқланган. Шунингдек, бу ерда олов ёқишда автомобил шиналаридан фойдаланилган, экологик экспертизадан ўтмаган ва «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун талаблари бузилган.

Ҳолат юзасидан иссиқхона масъул ходимидан тушунтириши хати олинган. Қозонхонани таъмирлаш, махсус чанг-газ ушлаб қолувчи филтрларни янгилаш ҳамда автотранспорт шиналарини ёқмаслик тўғрисида огоҳлантирилган.

Вазирлик матбуот хизматининг «Газета.uz»га қўшимча қилишича, улардан ифлослантирганлик бўйича компенсация ундирилади. Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли чора кўриш ва атроф-муҳитни ифлослантирганлиги бўйича ҳисоб китоб ишлари олиб борилмоқда.

Top