10:32 / 08.02.2024
4399

Ўзбекистонда 2023 йилда 666 киши шилқимлик учун жавобгарликка тортилгани маълум қилинди

Уларнинг 233 нафарига жарима жазоси, 433 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ўзбекистонда 2023 йилда шаҳвоний шилқимлик қилгани ёки шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилгани учун жазога тортилганлар сони очиқланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов хабар берди.

Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 12 апрел кунидан йил охиригача Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 411-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан 666 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 233 нафарига жарима жазоси, 433 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланган.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан 48 нафар шахс судланган. Шундан 7 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 41 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, президент томонидан 2023 йил 11 апрелда имзоланган, аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонунга мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 411-модда ва Жиноят кодекси 141-3-модда билан тўлдирилган эди.

Олдинроқ Ўзбекистонда 2023 йилда 9 131 киши оилавий зўравонлик қилгани учун жазога тортилгани хабар қилинганди.

Top