17:05 / 23.02.2024
3764

Энергетика вазирлиги табиий газ ҳажми меъёрий схемага яқинлашаётганини маълум қилди

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда газ босимининг одатдагидан кўра паст эканига қарамай, 22 феврал куни ҳам унинг истеъмоли юқорилигича қолди. Кеча мазкур миқдор 154,6 миллион куб метрни ташкил қилди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

«Табиий газ ҳажми меъёрий схемага яқинлашяпти. Бироқ газ босимининг пастлиги меъёрий схеманинг тўлиқ тикланишини кечиктиряпти», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, магистрал газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетиши оқибатларини бартараф этиш, республика истеъмолчилари ҳамда иссиқлик электр станцияларини табиий газ билан бир маромда таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор зарур чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни бир меъёрда тутиб туриш мақсадида барча ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларнинг иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида тизимли равишда йўлга қўйилмоқда.

22 феврал куни мамлакатдаги 481 та ана шундай шохобча орқали аҳолига ва ижтимоий соҳалар объектларига тегишли автомобиллар, шунингдек, жамоат транспортларининг барча турларига 3 миллион 239 минг куб метр табиий газ етказиб берилган.

Top