Ўзбекистон | 13:15 / 28.02.2024
7097
2 дақиқада ўқилади

Ичимлик сув таъминоти соҳасида ДХШ лойиҳалари амалга оширилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув чиқариш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: DPA

Қуйидагиларни назарда тутувчи Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув чиқариш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги низом тасдиқланади:

  • хусусий шерикларни танлаш мезонлари;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга ошириладиган ҳудудларни аниқлаш шартлари;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш, бу борада томонларнинг манфаатлари, ҳуқуқ, мажбуриятлари ва жавобгарликларини белгилаш;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида хизмат кўрсатиш тарифларини белгилаш ва эксплуатацияни амалга ошириш.

Белгиланишича:

а) ичимлик сув таъминоти ва оқова сув чиқариш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари хизмат кўрсатиш инфратузилмасини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш, модернизация қилиш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш шаклларида амалга оширилади;
б) битимнинг амал қилиш муддати давлат ва хусусий шерик томонидан белгиланади. Бунда у уч йилдан кам бўлмаслиги ва 49 йилдан ошмаслиги керак;
в) давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда хусусий шерикка ажратилган ер участкалари, сотиб олинган ускуналар, шунингдек, улар томонидан қурилган объектлар битимнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг давлат шеригига топширилади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 2024 йил 1 июнга қадар келгусида ҳар йили 1 февралга қадар:

  • ичимлик суви таъминоти ташкилотлари фаолияти самарадорлигининг асосий мезонларини белгилаш ва баҳолаш орқали самарасиз фаолият кўрсатаётган ташкилотларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқариш таклифларини;
  • ичимлик сув таъминоти ва оқова сув чиқариш хизматлари жорий этилмаган ҳудудларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хизмат кўрсатиш таклифларини оммавий ахборот воситаларида ва ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштиради.

Мавзуга оид