08:00 / 01.03.2024
5181

Ўзбекистонда қотилликларнинг деярли 40 фоизи оилавий низолар сабаб содир этилган

Ўзбекистонда 2023 йилда 363 та қотиллик содир этилган. Уларнинг 141 таси ёки 38,8 фоизи оила-турмуш доирасидаги низолар оқибатида келиб чиққан.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Ўзбекистонда 2023 йил 12 ойида содир этилган 363 та қотилликнинг 141 таси ёки 38,8 фоизи оила-турмуш доирасидаги низолар оқибатида келиб чиққан. Бу ҳақда Сенатдаги Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида маълум қилинди.

Бунга сабаб сифатида оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолгани кўрсатилган.

2024 йил 17 январ куни Самарқанд вилоятида яшовчи, 2014 йилдан буён руҳий касалликлар касалхонасида рўйхатда турувчи, руҳий касал, 49 ёшли фуқаро уйида ўзаро жанжал оқибатида бирга яшаган, 2019 йилдан буён руҳий касалликлар касалхонасида рўйхатда турувчи 26 ёшли ўғлини бошига болта билан уриб ўлдирган.

Ёшларнинг муаммоларини бартараф этишга лозим даражада эътибор қаратилмагани оқибатида 2023 йилда ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида содир этилган жиноятлар 2022 йилга нисбатан 5,3 фоизга ортган (3599).

Бундан ташқари, 12 мингга яқин ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилгани, жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатган.

Аввалроқ Ўзбекистонда вояга етмаганлар энг кўп жиноят содир этган ҳудуд маълум қилинганди.

Top