2022 йилнинг 12 август куни Поп тумани Истиқбол маҳалласида содир этилган жиноятни очиш тезкор ходимлар учун қийин бўлмаган. Негаки, ҳамма далиллар бор, гувоҳлар етарлича эди: эркак ярим тунда ўз уйида пичоқлаб ўлдирилган ҳамда унинг оғзидаги 4 дона тилла тиш синдириб олинган. Аммо жиноят изини йўқотиш ва мурдани яшириш мақсадида қилинган ҳаракатлар детектив кинолардаги воқеликлардан қолишмасди.  

Тундаги қотиллик

Машҳура ва Шерзод (мақоладаги барча исмлар ўзгартирилган) атрофдагилар наздида гўёки бахтли ва намунали оила эди. Аммо эр-хотин ўртасидаги муносабатларга путур етган, ўртадан ишонч кўтарилганди. Шу сабабли, гарчи фарзандлари бўлса ҳам, улар тез-тез жанжаллашиб туришар, нималарнидир устида тортишишарди.

Кейинчалик Машҳура судда берган кўрсатмасида бу тортишувлар сабабини турмуш ўртоғи уни араб тилини ўрганишга, “ҳижобга” киришга ҳамда Қирғизистонга бирга кетишга мажбурлагани билан боғлаган.

2022 йилнинг 12 август куни ҳам эр ва хотин ўртасида шундай тортишув бўлиб ўтади. Соат 22:00 ларда Шерзод ухлаб қолади. Бундан фойдаланган Машҳура ошхона пичоғи билан турмуш ўртоғининг чап бел, қўлтиқ ҳамда чап кўкрак соҳасига уради. Хотинидан бундай ҳаракатни кутмаган эркак зарбадан уйғониб кетади, аммо унга қаршилик қилмайди, аксинча деворга суяниб, ўрнидан туришга интилади ва шунчаки кулиб қўя қолади. Сўнгра йиқилади.

“Фарзандларим ухлаб қолганидан сўнг қайтиб турмуш ўртоғим ётган хонага кирдим. У хириллаб нафас оларди. Жони чиқишга қийналяпти деб ўйладим ва ерда ётган пичоқни олиб, кўкрак қафасига урдим. Шунда ҳам у кўзлари очиқ ҳолда, менга қараб куларди. Кулганига жаҳлим чиқиб, яна пичоқ билан урдим, кейин бўйнидан кесиб юбордим”, деган  аёл ўз кўрсатмасида. 

Бу орада Машҳура унинг 4 дона тилла қопламали тишини ғишт бўлаги билан уриб, синдириб олади. Аёл мазкур тилла тишларни кейинчалик бозорга олиб бориб, 1,4 млн сўмга сотиб юборган.  

Ечими йўқ жумбоқ

Машҳура лаҳзалар ичида нима иш қилиб қўйганини билмасди. Аммо у қанча афсусланмасин, ғишт қолипдан кўчган – қўлини қонга ботириб бўлганди. Аёл аввалига ИИБга бориб воқеани айтиб бермоқчи бўлади, аммо ўзини қамаб юборишларидан қўрқиб, бу фикридан қайтади ҳамда мурдани йўқ қилиш ва жиноят изини яшириш ҳақида ўйлай бошлайди. Албатта, эркак жасадини ҳеч ким тополмайдиган тарзда йўқ қилиш аёл учун осон иш эмасди. Бунинг устига, қўшни хонада фарзандлари ухлаб ётарди.

Аёл ярим тундан тонгга қадар ўйлаб чиқади. Унинг олдида мурдани қандай қилиб уйдан олиб чиқиб кетаман ва йўқ қиламан деган ўта қийин иш ва ечими йўқ жумбоқ турар эди.