11:31 / 04.03.2024
4033

Ўзбекистон МСК раиси АҚШда президентлик праймеризларини кузатишда иштирок этяпти

Лос-Анжелес округи котибининг таклифига асосан Ўзбекистон МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев бошчилигидаги делегация АҚШ президентлик праймеризларига тайёргарлик кўриш жараёни билан танишиш ва унда овоз беришни кузатиш мақсадида АҚШнинг Калифорния штатида бўлиб турибди.

Фото: saylov.uz

АҚШ президентлик праймеризлари штатлар даражасида ўтказиладиган бирламчи президентлик сайловлари институти бўлиб, унинг натижаларига кўра делегатлар ҳар бир партиядан ягона президентликка номзодларни аниқлаш мақсадида миллий партия қурултойига юборилади. Қўшма Штатларда президент тўғридан тўғри сайловчилар томонидан эмас, балки сайловчилар коллегияси томонидан сайланади. Ноябр ойининг дастлабки душанбасидан кейинги биринчи сешанба кунида сайловлар бўлиб ўтади.

Ташрифнинг биринчи кунида хорижий кузатувчиларни АҚШ Сайловга кўмаклашиш комиссияси аъзоси Кристи Маккормик ва Лос-Анжелес округи котиби Дин Логан кутиб олди, улар АҚШ сайлов тизими, сайлов маъмуриятининг асосий вазифалари ва функциялари билан таништирди.

Калифорния штати праймеризларида овоз бериш жараёнлари жорий йилнинг 5 мартига белгиланган. Барча сайловчиларга сайлов бюллетенлари олдиндан юборилган. Бюллетенда штат даражасида ва маҳаллий даражадаги номзодларнинг узун рўйхати ҳамда уларни тасдиқлаш ёки рад этиш масалалари, шу жумладан, ноябр ойида бўлиб ўтадиган сайловларга партияларнинг президентликка номзодлари ва АҚШ Сенатига очиқ праймеризлар учун икки нафар энг яхши номзодларни аниқлашга доир маълумотлар акс этган.

Жорий йилнинг 1 март куни Ўзбекистон МСК делегацияси хорижий кузатувчилар гуруҳи таркибида Лос-Анжелесдаги жамоат кутубхонасида ташкил этилган овоз бериш марказига ташриф буюрди, у ерда марказ ходимлари ва сайловчилар билан суҳбатлашишди ҳамда махсус электрон овоз бериш ускуналари ёрдамида овоз бериш жараёнларини кузатди.

Шу куннинг ўзида хорижий кузатувчилар гуруҳи VSAP (Voting Solutions for All People) операцион маркази фаолияти билан танишди. Операцион марказ электрон овоз бериш ускуналари ва сайловчиларни онлайн рўйхатга олиш мосламаларини сақлаш, техник хизмат кўрсатиш ва уларни овоз бериш жараёнларига тайёрлаш, шунингдек, овоз бериш марказларида уларнинг ишлашини мониторинг қилинишини таъминлайди. 

Ташриф дастурига мувофиқ, АҚШ сайловларида қўлланадиган замонавий сайлов технологияларини ўрганишга оид бошқа тадбирлар ҳам кўзда тутилган.

Top