Еврокомиссия мудофаа саноати учун 1,5 млрд евро ажратишга тайёрланмоқда
Мудофаа саноати инвестиция дастури 2025 йилдан 2027 йилгача бўлган даврда мудофаа эҳтиёжлари учун Европа Иттифоқи бюджетидан 1,5 миллиард евро ажратишни ўз ичига олади.
Еврокомиссия 5 март, сешанба куни Европа Иттифоқи тарихида мудофаа саноати соҳасида биринчи стратегия ва бу соҳадаги 1,5 миллиард евролик янги қўллаб-қувватлаш дастурини тақдим этди. Ушбу маблағлар ЕИ бюджетидан 2025 йилдан 2027 йилгача бўлган даврда ажратилиши кутилмоқда.
Еврокомиссия матбуот хизматининг хабар беришича, дастур мақсадларидан бири Европа Иттифоқи доирасида мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлик доирасини мустаҳкамлашдан иборат.
Бундан ташқари, Еврокомиссия қурол ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва АҚШ ёки Жанубий Корея каби хорижий ишлаб чиқарувчиларга қарамликни камайтирмоқчи, деб ёзади AFP.
«Биз ноябр ойида АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари натижаларидан қатъи назар, ўз хавфсизлигимиз учун кўпроқ масъулиятни зиммамизга олишимиз керак», деди Еврокомиссия вице-президенти Маргрете Вестагер дастурни таништирар экан.
Биргаликда қурол сотиб олишни рағбатлантириш
Хусусан, Европа мудофаа саноати дастурини (European Defense Industry Programme, EDIP) ишга тушириш тўғрисидаги қонун лойиҳасида Европа Иттифоқи давлатлари 2030 йилга бориб «ўз мудофаа бюджетининг камида 50 фоизини Европа Иттифоқи ичидаги харидларга сарфлаши» таклиф қилинади. 2035 йилга бориб бу улуш 60 фоизга ошиши керак.
AFP эслатганидек, 2007 йилдан бери Евроиттифоқ аъзо давлатлар учун мудофаа бюджетларининг 35 фоизини Европа Иттифоқи ичидаги харидларга сарфлашни индикатив мақсад қилиб қўйган. Ушбу мақсад ихтиёрийдир ва Европа Иттифоқининг барча давлатлари ҳам бунга эриша олмади, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, 2 март куни Брюсселда тақдим этилган дастур Европа Иттифоқига аъзо давлатларни 2030 йилга бориб мудофаа харидларининг камида 40 фоизини жамоавий асосда амалга оширишга чақиради. Қолаверса, мудофаа маҳсулотларини биргаликда харид қилишда мамлакатлар қўшилган қиймат солиғини тўлаш заруратидан озод этилиши кутилмоқда.
«Европа мудофаа саноатининг тайёргарлигини ошириш учун аъзо давлатлар кўпроқ, яхшироқ, биргаликда ва европача тарзда сармоя киритиши керак», дейилади Европа комиссияси баёнотида.
НАТО иттифоқчилари сифатида ҳаракат қилиш қобилияти яхшиланади
Бошқа нарсалар қаторида, Европа комиссияси Европа мудофаа саноатига катта ҳажмдаги артиллерия ўқ-дориларига талабнинг кескин ортиши каби мавжуд ва потенциал муаммоларга яхшироқ тайёргарлик кўришда ёрдам бермоқчи.
Шу билан бирга, Маргрете Вестагернинг сўзларига кўра, кўрилган чораларга қарамай, Европа Иттифоқи давлатлари «НАТОга тўлиқ содиқ қолади». «Бизнинг ҳаракат қилиш қобилиятимиз янада кучли иттифоқчига айлантиради», дея қўшимча қилди у.
Мавзуга оид
22:17 / 25.12.2024
Финландия бир ҳафтада 280 минг ҳарбийни сафарбар этишга тайёр
12:10 / 25.12.2024
Собиқ исёнчи гуруҳлар Сурия Мудофаа вазирлигини назорат қилмоқчи
20:54 / 20.12.2024
Еврокомиссия Гуржистон дипломатлари ва амалдорларини визасиз режимдан маҳрум қилиш таклифини илгари сурди
14:30 / 20.12.2024