Жаҳон | 15:35 / 19.03.2024
4948
3 дақиқада ўқилади

Столтенберг: Гуржистон - НАТОнинг энг яқин ҳамкорларидан бири

НАТО раҳбари Тбилисига ташрифи давомида Гуржистонни демократик ислоҳотларни давом эттиришга чақирди. У барча шартлар бажарилганидан кейин алянс ушбу мамлакатни аъзо сифатида қабул қилишга тайёрлигини тасдиқлади.

Фото: AP

Гуржистон НАТОнинг энг яқин ҳамкорларидан бири, ташкилот бу давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди, деди алянс бош котиби Йенс Столтенберг Тбилисига ташрифи чоғида. 18 март, душанба куни Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида у НАТО талаб ва мезонларига жавоб берса, мамлакатни тўлақонли аъзо сифатида қабул қилишга ваъда берганини яна бир бор таъкидлади

«НАТО сизни кучли демократия ва тўлиқ Евроатлантика интеграцияси йўлида қўллаб-қувватлайди, жумладан 2008 йилда Бухарестда Гуржистон иттифоққа аъзо бўлиши тўғрисидаги қарорни ҳам қўллаб-қувватлайди», деди Столтенберг. Унинг сўзларига кўра, Кобахидзе билан музокаралар чоғида ҳамкорликни чуқурлаштириш йўллари муҳокама қилинган. «Биз бир-биримизни яқинлаштиришга қаратилган бир қатор аниқ дастурларни, жумладан, инқирозни бошқариш, киберхавфсизлик ва ҳарбий муҳандисликни ривожлантириш соҳаларини муҳокама қилдик», деди у. Хусусан, унинг сўзларига кўра, яқинда Батумида Туркия ҳарбий-денгиз кучлари билан тажриба алмашиш бўлиб ўтган. 

Столтенберг Гуржистонни демократик ислоҳотларни кучайтиришга чақирди 

Шимолий Атлантика алянси раҳбари, шунингдек, Тбилисини демократик ислоҳотларни амалга ошириш, хусусан, сайлов ҳуқуқи соҳасида саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди. «Гуржистон ички ислоҳотларни давом эттириши, демократик қадриятлар ва қонун устуворлигини, шу жумладан жорий йилнинг октябр ойида бўлиб ўтадиган эркин ва адолатли парламент сайловлари орқали мустаҳкамлаши муҳим», - дея таъкидлади у. 

Столтенбергнинг сўзларига кўра, ЕИга кириш учун зарур бўлган ислоҳотлар ҳам Гуржистоннинг НАТОга кириши шартларига киритилган, бироқ бундай ислоҳотлар Гуржистон ўзи учун ҳам муҳим. «ЕИ томонидан Гуржистонга берилган номзод мақоми барқарорликни мустаҳкамлаш ва фаровонлик даражасини ошириш учун ажойиб имкониятдир», деди у. Шу билан бирга, Столтенберг Россиянинг «империя амбициялари» фонида «Гуржистон мураккаб хавфсизлик муаммоларига дуч келаётганини» таъкидлади.

Кобахидзе: Гуржистон НАТО шафелигидаги операцияларда қатнашяпти 

Ўз навбатида, Ираклий Кобахидзе Гуржистон сўнгги йилларда НАТО шафелигидаги амалиётларда фаол иштирок этиб, глобал хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшганини таъкидлади. «Ўз навбатида, НАТО Гуржистоннинг мудофаа қобилиятини ривожлантиришда муҳим рол ўйнаган ва ўйнашда давом этмоқда», - дея қўшимча қилди у. 

Столтенберг Тбилисида Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили билан ҳам учрашди. 

2008 йилда Бухарестда бўлиб ўтган НАТО саммитида НАТО давлатлари етакчилари Гуржистонга алянсга қўшилишнинг аниқ йўлини белгилаб бермасдан туриб, интеграция истиқболини таклиф қилган. Мамлакат НАТО ва ЕИга аъзо бўлишини Гуржистон фуқароларининг 80 фоизи қўллаб-қувватламоқда, дея таъкидлайди AFP. 

Мавзуга оид