13:48 / 05.04.2024
9753

Ғазода ҳалок бўлган талабалар, Нетаняҳуни койиган Байден ва янги пандемия хавфи — кун дайжести

Шу соатгача дунёда содир бўлган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг қисқача шарҳи билан анъанавий тарзда таништириб боришда давом этамиз. 

Ғазодаги вазият

Ғазода давом этаётган қирғинбарот уруш ёшларнинг таълим олишига ҳам нуқта қўйган. 7 октябрдан буён Ғазо сектори ва Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида 6050 нафар фаластинлик талаба ҳалок бўлгани маълум қилинмоқда. 10 мингдан зиёд талаба ярадор қилинган, ғарбий соҳилда 105 нафар талаба Исроил кучлари томонидан ҳибсга олинган.

Ғазо секторида 266 нафар ўқитувчи ўлдирилган, мингга яқин ўқитувчилар ярадор бўлган. Ғарбий соҳилда 6 нафар ўқитувчи яраланган, 73 нафари эса ҳибсга олинган.

Исроил армияси Ғазо секторида 351 та мактабни бомбардимон қилган, уларнинг 40 таси бутунлай вайрон бўлган, 111 тасига жиддий зиён етган.

Гўдаклар қабристонига айлантирилган Ғазо бўйича айрим аянчли рақамларни яна ёдга оламиз.

2019 йилдан 2022 йилгача жаҳондаги барча ҳарбий можароларда 12 минг 193 нафар ёш бола ўлдирилган бўлса, биргина ўтган йилнинг 7 октябридан буён Ғазода ўлдирилган гўдаклар сони 12 минг 300 нафардан ошган.

Ғазо шимолидаги икки ёшгача бўлган ҳар учинчи бола очликдан силласи қуриган. Британияда жойлашган Save the Children хайрия ташкилоти Ғазода 27 нафар бола очликдан ўлганини аниқлаган.

Global Nutrition Cluster хайрия ташкилоти маълумотларига кўра, Ғазодаги 5 ёшгача бўлган 346 минг бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. 

АҚШ Исроилни койиб қўйди

АҚШ президенти Жо Байден ва Исроил бош вазири телефонда ярим соат гаплашишган. Суҳбат асносида Байден Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилган.

«Биз яқин кунлар ва соатларда Исроилнинг позициясида ўзгариш бўлганига гувоҳ бўлишни кутмоқдамиз. Акс ҳолда бизнинг Исроилга нисбатан сиёсатимиз ўзгаради», — дея Байдендан иқтибос келтирмоқда АҚШ Давлат департаменти.

«Президент АҚШнинг Ғазо бўйича сиёсати Исроилнинг бу борадаги зудлик билан амалга оширган ишларига қараб белгиланишини аниқ тушунтириб қўйди. У ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ҳуманитар вазиятни яхшилаш ва айбсиз тинч аҳолини ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлади ва Нетаняҳуни ўз музокарачиларига гаровда ушлаб турилганларни куттирмасдан уйга қайтариш учун ваколатлар беришга чақирди», — дейилади Оқ уй баёнотида.

Оқ уй вакили бу ҳолатда Исроил санаб ўтилган ҳаракатларни амалга оширмаса унга қандай чоралар кўрилиши, таҳдидлар АҚШнинг Исроилга ҳарбий ёрдами тўхтатилишини англатиши мумкин ёки мумкинмаслиги тўғрисидаги саволга жавоб бермаган. 

НАТОнинг баёнотлари

НАТО Россия-Украина урушида можаро томонларидан бири эмас ва ундай бўлмоқчи ҳам эмас, деган алянс бош котиби Йенс Столтенберг ва Украинага қурол-яроғ жўнатишга чорлаган.

«НАТО — можаро томони эмас, ундай бўлмайди ҳам. НАТО Украинага мудофаага ёрдам бермоқда. Ҳозир бизда Украинага қўшин жўнатиш режаси йўқ, бундай сўров Украинадан ҳам тушган эмас», — деган Столтенберг.

Йенс Столтенберг Украинадаги уруш икки хил сценарий бўйича ривожланиши мумкинлиги санаб ўтган.

«Жанг майдонидаги вазият жиддий. Ҳозир иккита эҳтимолли сценарий бор: НАТО кўпроқ ёрдам тўплаши ва Украина кўпроқ ҳудудларини қайтариб олиши мумкин ёки иккинчи сценарийга кўра, биз бундай қила олмасак Россия янада кўпроқ ҳудудларни ишғол қилиши ва биз ҳозиргиданда мураккаб вазиятда қолишимиз мумкин», — деган бош котиб.

Столтенбергнинг қайд этишича, фақатгина кучли украин армияси икки давлат ўртасидаги узоқ муддатли тинчликнинг кафолати бўла олади: «Бунинг учун Украина кучли қуролли кучларига эга бўлиши ва Россия жанг майдонида енга олмаслиги керак».

Bloomberg нашрининг ёзишича, НАТО бўйича иттифоқчилар Украинага 100 млрд доллар ёрдам беришга чақиришмоқда.

Нашрга кўра, мудофаа вазирлари НАТОнинг ушбу ташаббуси иккитомонлама ёрдам ва Европа Иттифоқи билан рақобат қилмаслиги, алоҳида бўлиши лозимлигини таъкидлашган. Шунингдек, алянс Украинага ўзи бажаришга қийналадиган ваъдалар бермаслиги лозимлиги қайд этилган.

Буюк Британия мудофаа вазири Грант Шеппс НАТО бўйича иттифоқчиларни мудофаа учун харажатларни оширишга ва Европа «урушолди ҳолати»да эканини тан олишга чақирган.

НАТОнинг 75 йиллигига атаб The Telegraph нашрида эълон қилинган мақоласида у ўз ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизини сарфламаётган мамлакатларни «Ғарбнинг келажагини рус рулеткасига тикаётганлар» деб атаган. ‎.

Полша президенти Анжей Дуда НАТО давлатлари етакчиларига хат жўнатиб, мудофаа учун харажатларни ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизидан 3 фоизигача кўтаришни таклиф этган. У бу қадам Россияга қарши туриш учун муҳим чора эканини тушунтирган.

Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши Учинчи жаҳон уришини келтириб чиқариши муқаррар, бироқ Ғарб давлатлари Путин режимини чилпарчин қилади, деб ёзган The Sun газетаси. Нашр келтирган инфографикага кўра, НАТОнинг қурол-яроғ, ҳарбий техника ва ракеталар бўйича арсенали Россияникидан ўртача 5 баробар кўпроқ.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг таъкидлашича, агар Украинага ниҳоятда катта ҳарбий ёрдам кўрсатиладиган бўлса Россия биринчи бўлиб АҚШга ядровий зарба беради. Ғарб томонининг иккиланишларининг бош сабаби шу бўлса не ажаб? Путинга фарқи йўқ, чиндан ҳам. 

Украинадаги уруш

Россия май-июн ойларида яна олдинга ўтишга тайёрланмоқда ва бутун ёз фаслида қарши ҳужум билан машғул бўлади.

«Оккупантлар Вуҳледар ва Часив Яр йўналишларида олдинга силжишга уриниб, Краматорск ва Словянсккача боришни режалаштиришган», — деди Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг дезинформацияга қарши курашиш маркази раҳбари, лейтенант Андрий Коваленко.

Коваленконинг қайд этишича, кутилаётган қарши ҳужумларни олдиндан тахмин қилса бўлади, шунинг учун саросимага асло ҳожат йўқ.

Лейтенант шунингдек, Россия армияси 350 минг қўшин билан Харкивга ҳужум қилиши мумкинлиги тўғрисидаги хабарларни фейк деб атаган ва Россияда бунча ортиқча қўшин йўқлигига урғу берган.

The Washington Post газетасининг ёзишича, март ойида Россиянинг Украинага қилган ракета ва дрон ҳужумлари Украинадаги иссиқлик электр станцияларининг 80 фоиз қувватига зарар етказган. Журналистларнинг қайд этишича, уларни тиклаш учун узоқ ойлар керак бўлади.

Россиянинг ҳаводан ҳужумлари жуда катта зарар етказмоқда, чунки Украина қуролли кучлари бутун фронт чизиғи бўйлаб етарли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига эга эмас.

Шу сабабли Германия Украина учун бутун дунёдан Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ахтара бошлаган. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба айтиб ўтган.

Унга кўра, Германия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини нафақат иттифоқчилардан, бутун дунёдан қидирмоқда. 

Янги пандемия хавфи

Парранда гриппи пандемияси Ковидга нисбатан 100 баробар хавфли бўлиши ва вирус юқтирганларнинг тенг ярмини ўлдириши мумкин, деб ёзади Daily Mail нашри.

Вирусологларнинг маълумотларига кўра, сигирлар, итлар ва мушуклар каби сут эмизувчиларда ва инсонларда H5N1 вируси юқтиришнинг кўплаб ҳолатлари вируснинг мутацияга учраши ва юқувчанлиги ошиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти парранда гриппидан ўлим даражасини 52 фоизга баҳоламоқда. Бунга асос ҳам бор: вирус аниқланган 2003 йилдан буён уни юқтириб олган 887 инсондан 462 нафари ўлган.

Таққослаш учун: айни пайтда коронавирус юқтириб олган инсонларнинг ҳар мингтасидан биттаси вафот этмоқда. Гарчи, пандемия бошида бу кўрсаткич 20 фоизга тенг бўлган. 

Мўғулистонда вазият оғир

Мўғулистон сўнгги ярим асрда ўта оғир қишни бошдан кечирмоқда. Мамлакатда ҳар доимгидан уч-тўрт баробар зиёд қор ёғган. Совуқ об-ҳаво шароитлари ва ҳали эришга улгурмаган қалин қор умргузаронлиги чорва билан боғлиқ 3 миллиондан ортиқ инсоннинг ҳаётига таҳдид солмоқда.

Мамлакат ҳудудининг 90 фоизи дзуд деб аталувчи бало таъсири остида қолган. Дзуд — қурғоқчил келган ёздан сўнг қишда кучли қор ва совуқ тушишидир. Бунинг оқибатида қишда ёғ қатламларини тезда сарфлаб бўлган чорва емиш йўқлигидан қирилиб кетади.

Айни пайтда Мўғулистонда 4,7 миллион бош чорва қишдан омон чиқмаган. Чорвачилик билан шуғулланадиган оилаларнинг 70 фоизи касод бўлиш ёқасига келиб қолган. 

Top