Ғазодаги вазият
Ғазода 25 мингга яқин Исроил ҳужумидан ярадор бўлганлар ва бошқа беморлар сектордан ташқарида даволанишга муҳтож, дейилади Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазодаги бўлими баёнотида.
2023 йил 7 октябрдан бери фақат 4895 киши даволаниш учун Ғазодан ташқарига чиқиб кетишга муваффақ бўлган.
Исроил армияси Рафаҳ шаҳрига ҳужум уюштириб, Миср билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктини ўз назоратига олгач, бирорта бемор ёки ярадор секторни тарк эта олмаган. Бу эса минглаб одамларнинг ҳаётини хавф остида қолдирмоқда, — дейилади баёнотда.
Вазирликка кўра, Исроил Ғазодаги шифохоналарга атайлаб ҳужумлар уюштиргани ва уларни вайрон қилганидан сўнг, касал ва ярадорларнинг аҳволи ёмонлашмоқда.
Исроил агрессияcи туфайли урушнинг 244-кунига келиб Ғазодаги қурбонлар сони 36 минг 654 кишига етган. Ярадорлар сони камида 83 минг 309 кишини ташкил этмоқда, деб хабар беради Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазодаги бўлими.
Сўнгги бир сутка ичида Исроил ҳарбийлари 6 та оммавий қирғин ташкиллаштириб, 68 кишининг ўлимига ва 235 кишининг яраланишига сабабчи бўлишди.
Бу орада АҚШ, Германия, Франция ва Британия давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҲАМАС ҳаракатини АҚШ президенти Жо Байден яқинда эълон қилган Ғазо секторидаги ҳарбий можарога барҳам бериш режасини қабул қилишга чақирди.
Елисей саройи томонидан 6 июн куни кечқурун эълон қилинган қўшма хатга кўра, улар бу режани тўлиқ қўллаб-қувватламоқда. Ҳужжатда, шунингдек, «давлат ва ҳукумат раҳбарлари Исроил хавфсизлигига содиқликларини» таъкидлаб, «Байден режаси»ни зудлик билан амалга оширишга чақиришган.
Тўрт давлат вакиллари «Фаластин маъмурияти ва бош вазир Муҳаммад Мустафонинг ислоҳот дастурини қўллаб-қувватлашларини» яна бир бор тасдиқладилар ва ҳукуматни минтақавий ва халқаро қўллаб-қувватлашни кучайтиришга чақирдилар.
Ҳужжатдан кўриниб турибдики, имзоловчилар «Исроилнинг хавфсизлик эҳтиёжларини қондириш билан бирга, тегишли халқаро ёрдам билан Ғазо секторида қонуний Фаластин бошқарувини тиклаш заруриятини» кўрмоқда.
Исроил иқтисодиёти учун хатар
Иқтисодчилар Исроилда «йўқотилган ўн йиллик» такрорланишидан ўз хавотирларини билдиришмоқда, деб ёзади Bloomberg нашри.















