19:21 / 09.04.2024
6631

Нукусда фуқарони пул эвазига ДХХга ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс ушланди 

У 11 минг долларни олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди. 

Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳрида фуқарони Давлат хавфсизлик хизматига (ДХХ) ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс қўлга олинди. 

Қайд қилинишича, Хўжайли туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган К.Ж. алдов йўли билан ўзганинг ишончига кириб, танишлари орқали уни ДХХ органларига ишга киритиб қўйиш эвазига 11 минг доллар талаб қилади. Аммо, у сўралган пул маблағини Нукус шаҳрида олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди. 

Терговга қадар текширув давомида, мазкур шахс муқаддам 4 нафар фуқарони ДХХ идораларига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан улардан жами 65 минг доллар олгани ҳам аниқланди. 

Таъкидланишича, К.Ж. муқаддам Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан 5 маротаба судланган. Ҳозир унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top