Ўзбекистон | 18:40 / 14.05.2024
5381
2 дақиқада ўқилади

Нукусдаги кўзи ожизлар кутубхонасида талон-торожликлар аниқланди

Кутубхона биносини янгидан қуриш ва жиҳозлаш бўйича амалга оширилган пудрат ишларида қўшиб ёзиш йўли билан бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган. 

Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳридаги кўзи ожизлар кутубхонаси маъмурий биносини янгидан қуриш ва жиҳозлаш бўйича амалга оширилган қиймати 10,4 млрд сўмлик пудрат ишларида 530,4 млн сўмлик иш ҳақиқатда бажарилмаган бўлса-да, ҳисоботларга қўшиб ёзиш йўли билан бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди. 

Қайд қилинишича, шунингдек, кутубхонани жиҳозлаш мақсадида ажратилган 2 та Брайл принтери учун 90 млн сўм ва 1 та овоз ёзиш студияси учун 50 млн сўм маблағ ҳам ўзлаштириб юборилган. Оқибатда кўриш қобилиятида нуқсони бор шахсларни қорақалпоқ тилида зарур адабиёт ва аудио материаллар билан таъминлаш имкони чекланган. 

Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ҳамда 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 

Таъкидланишича, ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилиб, етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилмоқда.

Мавзуга оид