13:52 / 17.04.2024
5745

Эронга қарши ғарб санкциялари, Дубайдаги сув тошқинлари ва яна судланаётган Трамп — кун дайжести

Дунёда содир бўлган янгиликлар, воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари билан таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазода Исроил агрессияси қурбонлари 33 минг 797 нафар етган.

7 октябрдан буён давом этаётган қирғин давомида Исроил 193 марта авиаҳужумлар уюштирган ва 3 мингга яқин оммавий қирғинларни амалга оширган. Бу кунига ўртача 16 тадан қирғин амалга оширилганини билдиради. 70 минг тоннадан зиёд портловчи моддаларни одамлар устига ёғдирган.

Ўлдирилган 34 мингга яқин инсонларнинг камида 14 минг 600 нафарини вояга етмаган ёш болалар, 9600 га яқинини аёллар ташкил этади.

Ярадорлар сони 76 минг 465 нафарни ташкил этган.

Етказилган зарарларга назар ташлайдиган бўлсак, 70 мингдан зиёд турар жойлар, 233 та масжид, 203 та тарихий-маданий объектлар, 100 дан ортиқ мактаблар ва университетлар, 3 та черков тўлиқ йўқ қилинган.

290 мингдан ортиқ турар жойлар, 305 та мактаб ва университетларга жиддий зиён етказилган.

Исроил шунингдек 159 та тиббиёт муассасаларига ҳужум қилган. 59 та тиббиёт марказлари ва 32 та касалхона ишдан чиқарилган.

Исроилнинг Эронга ҳужуми

Исроил ҳарбий вазирлар маҳкамаси «Эрон ва унинг ишончли вакилларига аниқ қандай жавоб қайтариш ҳақида қарор қабул қилди, бироқ ҳозирча унинг вақтини белгиламади», деб ёзади The Jerusalem Post.

«Чунки вақт турлича бўлиши мумкин ва зарур бўлган барча мураккаб тайёргарликлар туфайли қарор ўзгариши мумкин», деб давом этади нашр «Бироқ қарорнинг ўзи Исроил раҳбарияти ўч олиш учун жиддийлиги ва қатъиятини кўрсатади. Қуддус минтақавий урушга айланиб кетмаслиги учун ҳужумни юмшатишга ҳаракат қилишда давом этяпти».

Муаллифларнинг кузатувларига кўра, «муҳим сигналлар яқин кунларда йирик ҳужум (Исроил томонидан) содир бўлмаслиги ва ҳатто узоқроқ муддатга кечиктирилиши мумкинлигини кўрсатади».

Нашрнинг ёзишича, ҳужумнинг моҳияти қуйидаги сценарийлар бўлиши мумкин:

қаттиқ — Эроннинг ядровий объектларига зарба бериш билан;

ўртача — Эроннинг Исроилга ҳужумида бевосита иштирок этган учувчисиз учоқлар ёки баллистик ракеталар билан боғлиқ объектларга зарба бериш билан;

«чекланганроқ вариантлар» — масалан, «аниқ шахсларни ўлдириш ёки Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси мансабдор шахсларини шериклари билан бирга чет элда жазолаш ёки юқоридагиларнинг баъзиларини йирик киберҳужум билан бирлаштириш».

Ғарбнинг Эронга қарши янги санкциялари

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг сўзларига кўра, янги чекловлар Ислом Республикасидан қурол-яроғ экспортига, жумладан, Россияга учувчисиз учоқларни етказиб беришга таъсир қилади. АҚШ санкциялари ИИМК ва Эрон Мудофаа вазирлигига тегишли бўлади.

Эронга нисбатан санкциялар кучайтирилиши ҳақида шу куни, 16 апрелда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ҳам маълум қилди. Унга кўра санкциялар нишони Эрон Мудофаа вазирлиги ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бўлади. Чекловлар, жумладан, Эроннинг дрон ва ракета дастурларига қаратилади.

«Ушбу янги санкциялар ва бошқа чоралар Эронга ҳарбий салоҳияти ва самарадорлигини чеклаш ва заифлаштириш ҳамда муаммоли хатти-ҳаракатларининг тўлиқ кўламига қарши туриш учун доимий босим ўтказишда давом этади», деди Салливан.

Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан Эронга қарши янги санкциялар жорий этилиши Ислом Республикасининг 14 апрелга ўтар кечаси Исроилга қарши ҳаво ҳужуми билан боғлиқ.

Украинадаги уруш

Пентагон маслаҳатчилари бир неча ой ичида Украинанинг Харкив шаҳри Россия томонидан эгаллаб олиниши мумкинлигини айтишмоқда.

Украинанинг катталиги бўйича иккинчи шаҳри агар Москва «кучли ҳужум» уюштирса «бир неча ой» ичида эгаллаб олиниши мумкинлиги ҳақида АҚШ ҳукумати ва Пентагоннинг буюртмаларини бажарувчи Rand Corporation тадқиқот маркази вакили Newsweek нашрига сўзлаб берган.

Унинг сўзларига кўра, Харкивнинг Россия чегарасидан бор-йўғи 26 км нарида жойлашгани Россияга ҳужумга ўтган қўшинларни қўллашни осонлаштириши, россиялик аскарлар артиллерияда устунлиги ва Россия раҳбариятининг тирик жонларда улкан йўқотишларга тайёрлиги сабаб ишни осонлаштиради.

Украина кучларининг Россия ҳужумларини қайтариш қобилияти моддий воситалар етишмовчилиги туфайли кескин пасайган ва агар АҚШ ҳарбий ёрдам кўрсатмаса келгусида ҳам пасайишда давом этади, дейишмоқда Урушни ўрганиш институти таҳлилчилари. Украина қуролли кучлари айниқса Харкив жойлашган шарқий қисмда ожизланиб қолган, дейишмоқда ҳарбий экспертлар.

Грознийда Путин номидаги туман

Чеченистон пойтахти Грозний шаҳрида Владимир Путин тумани пайдо бўлади. Уни Шайх Мансур тумани ҳудудидан ажратиб олишади. Бу ҳақда гўёки уйма-уй ўтказилган сўровларда шаҳарнинг қарийб 35 минг аҳолиси хоҳиш билдирган, демоқда Чеченистон ҳукумати.

Сўровда қатнашган 35 минг одамдан фақат 200 киши янги туман «Путин номида» бўлишига қарши чиқиб, ўз вариантини тақдим этишган.

200 гектар майдонга эга янги туман яратиш ва уни Путин номи билан аташ таклифини Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров илгари сурган эди. Қодировга кўра Грознийдаги янги туманни «чечен халқидан чуқур эҳтиром» ва «республикани қайта жонлантиргани учун» Путин номи билан аташга қарор қилган.

2008 йилда Грознийдаги асосий кўча Ғалаба шоҳкўчасига ҳам Путин номи берилганди. Шунингдек, Гудермесдаги Украинадаги уруш учун ҳарбийлар тайёрланадиган Россия махсус қўшинлари университети ҳам Путин номида.

Дубайдаги сув тошқини

Дубайда кучли жала туфайли сув тошқини юз берди, самолётлар парвози тўхтатилди. Сув тошқини оқибатида Дубай халқаро аэропорти фаолияти ҳам чекланди. 30 яқин рейсларнинг парвози бекор қилинди. Кўплаб қўнаётган рейслар захира аэропортларига йўналтирилди.

Ҳодиса тасвирланган видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Лавҳаларда яшин чақнагани, кучли жала қуйгани, кўчаларни, метрони сув босганини кўриш мумкин.

Сув тошқини оқибатида Дубай халқаро аэропорти фаолияти ҳам чекланди. Аэропорт ҳудуди ва учиш-қўниш йўлаклари сув остида қолгани туфайли самолётлар парвози кечиктирилди.

Uzbekistan Airways хабарига кўра, об-ҳаво шароити ноқулайлиги ва кучли ёмғирлар туфайли, HY334 «Дубай - Тошкент» авиақатнови кечиктирилган. Қайд қилинишича, ҳаво кемаси қарийб 7 соатлик кечикиш билан Тошкентга етиб келди.

Қўшни Ўмон ҳам кучли жаладан жабр кўрган. Ўмондаги Низва ва Синау шаҳарчаларида 17 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Трампни яна судлашмоқда

Ню-Йорк шаҳрида АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп устидан суд жараёнлари бошланди. У 2016 йилги сайловлар олдидан порноактриса Сторми Дэниелснинг овозини ўчириш учун 130 минг доллар тўлаганликда ва буни яширганликда айбланмоқда.

Сторми Дэниелснинг айтишича, у Трамп билан 2016 йилда ишқий муносабатда бўлган ва Трампнинг собиқ адвокати Майкл Коэн унга муносабатлар тўғрисидаги маълумотларни очиқламаслик учун пул тўлаган.

Ню-Йорк штатининг прокуратурасига кўра, Трамп томонидан 130 минг доллар тўланганини яшириш молиявий ҳужжатларни сохталаштириш сифатида квалификация қилиниши мумкин ва бу жиноят ҳисобланади.

АҚШнинг собиқ президентига фирибгарлик бўйича 34 та айблов илгари сурилган. Трампнинг ўзи эса Сторми Дэниелс билан алоқаларини рад этиб, ҳеч қандай қонун бузилишига йўл қўймаганини таъкидламоқда. 

Top