Ўтган кун давомида жаҳон саҳнасида содир бўлган эътиборга молик воқеа-ҳодисалар ва янгиликлар тафсилоти билан одатдагидек таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазода БМТ ходими ўлдирилди. БМТ ёзуви ва байроғи тасвири туширилган автомобил Исроил кучлари томонидан ўққа тутилган. Қўриқлаш ва хавфсизлик департаментининг бир нафар ходими ўлган, иккинчиси оғир ярадор бўлган. Автомобил Рафаҳ шаҳридаги Европа шифохонасига кетаётган бўлган.

БМТ маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 7 октябридан буён Ғазода Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 196 нафар ходими Исроил қуролли кучлари томонидан ўлдирилган.

Исроилликлар Фаластиндан фарқли ўлароқ ўзини давлат сифатида тан олган БМТни назар писанд этмайди.

Туркия ва бошқа мусулмон давлатлари томонидан Ғазо секторидаги фаластинликлар учун юборилган инсонпарварлик ёрдамига миллатчи исроилликлар ҳужум қилиб, «Ҳаммаси ғалаба учун!», «БМТ заифлар учун!» деган ҳайқириқлар остида ёрдам пакетларини яроқсиз ҳолга келтиришмоқда.

Сдерот шаҳрида ултраўнг миллатчи яҳудий активистлари Ғазода яҳудий манзилгоҳлари барпо этишни талаб қилиб намойиш ўтказишган.

Исроил танклари Рафаҳнинг шарқий қисмидаги аҳоли яшаш жойларига бостириб киргани маълум бўлди. Reuters хабарига кўра, шаҳар кўчаларида аллақачон тўқнашувлар бошланган.

Гувоҳларга кўра, Исроил Рафаҳдаги бир қанча биноларни бомбардимон қилганидан сўнг шаҳарнинг шарқий қисмида портлашлар эшитилмоқда, тутун кўринмоқда.

Reuters маълумотларига кўра, 6 майдан бери Рафаҳни 450 мингга яқин одам тарк этган. Улардан баъзилари Ал-Мавасий ҳудудига - қумли соҳилга кўчиб ўтган. Таъкидланишича, у ерда санитария ва бошқа нормал ҳаёт учун зарур бўлган инфратузилма мавжуд эмас.

Аввалроқ Ғазонинг фаол жанглар кетаётган шимолий туманларидан бир миллионга яқин қочқин Рафаҳга эвакуация қилинган эди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроилнинг Ғазодаги хатти-ҳаракатларини Ҳитлернинг жиноятлари билан тенглаштирган.

«Ғазо биз мисолини ҳитлерчилар Германиясида кўрган улкан ўлим концлагерига айланди», — деган Эрдўған Истанбулда очилган бутунжаҳон ислом олимлари маслаҳатлашув саммитида.