10:31 / 22.05.2024
27778

Урганч шаҳрининг ноҳақ судланган собиқ прокурори оқланди ва 10 йил деганда ишга тикланди

Хоразм вилояти Урганч шаҳрининг собиқ прокурори Мақсудбек Оллаберганов 2014 йилда судланган ва лавозимдан олиниб, прокуратура тизимидан хизматдан бўшатиб юборилган. У орадан йиллар ўтиб у судда оқланди ва ишга қайта тикланиш учун Олий судгача бўлган йўлни босиб ўтди.

Урганч шаҳрининг собиқ прокурори Мақсудбек Оллаберганов бундан 10 йил олдин, 2014 йилда ноҳақ судланган ва лавозимдан олинган. Яқинда Оллабергановнинг иши судлар томонидан қайта кўриб чиқилди ва унга қўйилган айбловлар бекор қилинди.

Бунинг натижасида собиқ прокурор айбсиз деб топилиб оқланди.

Мақсудбек Оллаберганов оқлов ҳукмига таяниб, Бош прокуратурага ўзини прокуратура органларига ишга тиклаш ҳақида мурожаат қилади. Бироқ, унинг мурожаати қаноатлантирилмайди.

Шундан сўнг, у 2022 йил декабрда фуқаролик ишлари бўйича судларга хизмат текшируви ҳулосасини ғайриқонуний деб топиш, прокуратура органларига ишга тиклаш, мажбурий прогул юрган кунлари учун моддий зарар ундириш ва ўтган даврни иш стажига қўшиш ҳақида даъво аризаси киритади.

Ишни дастлаб кўриб чиққан фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди 2023 йил 8 июндаги ҳал қилув қарори билан собиқ прокурорнинг асосий талабларини қаноатлантиради, яъни, уни ишга тиклаш, ўтган даврни стажига қўшиш ҳамда моддий ва маънавий зарарларни ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради.

Вилоят прокуратураси вилоят судига апелляция тартибида шикоят киритади. Хоразм вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция ишини ҳам собиқ прокурор фойдасига ҳал қилади – ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиради.

Иш Хоразм вилояти фуқаролик судлов ҳайъатида тафтиш тартибида ҳам қайтадан кўрилади ва қарор ўз кучида қолади.

Бироқ, шунга қарамасдан қуйи судларнинг қарорлари ижро қилинмайди, Мақсудбек Оллаберганов ишга тикланмайди ҳамда суд қарорларида кўрсатилган маблағлар ундирилмайди.

Бош прокуратура шу йил март ойида Олий судга тафтиш тартибида протест киритади ва қуйи судларнинг қарорларини бекор қилиб, собиқ прокурорнинг даъво аризасини тўлиқ рад қилишни сўрайди.

Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳам масалани кўриб чиқиб, 17 май кунги ажрими билан Урганч шаҳар собиқ прокурорини прокуратура тизимига ишга тиклаш тўғрисида қарор чиқарди.

Шунингдек, унинг ҳисобига мажбурий прогул суммаларини ундириш, 2014 йилдан 2024 йилга қадар мажбурий бўш юрган кунларини иш стажига қўшиш ҳақидаги қуйи судларинг қарорлари ўз кучида қолдирилди.

Суд қарорларига кўра, Хоразм вилояти прокуратураси суд қарори ижросини таъминлаши белгиланди.

Top