Ўзбекистонда пора билан қўлга тушган судялар ва прокурорлар кўрган ишларни қайта кўриш таклиф қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев жиноятчи шахслар кўриб чиққан барча материалларни кўтариб, қайта кўриш таклифи билан чиқди. Тожиевга кўра, бу каби нолойиқ шахсларнинг ҳаракатлари оқибатида қанчадан-қанча фуқаролар ноҳақ айбланиб, ноҳақ судланиб кетган бўлиши мумкин.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев томонидан Ўзбекистонда пора билан қўлга тушган судялар ва прокурорлар томонидан кўрган ишларни қайта кўриб чиқиш таклиф қилинди.
“Бугун яна бир прокурор пора билан қўлга тушди. Ўтган ҳафта эса Мингбулоқ туман суди раиси пора билан қўлга олинган эди.
Афсуски, бундай ишлар одатий ҳолдек ўтиб кетмоқда. Бироқ қонунни амалда қўллаш орқали қонунийликни таьминлаш асосий бурчи бўлган бу каби шахсларнинг ўзлари қонунни бузишаётгани одамларда қонунларга, пировардида эса давлатга бўлган ишончни йўқотади.
Шу боис, бундай шахсларнинг жиноятига баҳо беришда уларнинг ўтган фаолияти давомида фуқароларга нисбатан тасдиқлаган айблов хулосалари ва қабул қилган қарорларига ҳам баҳо берилиши керак. Чунки бу каби нолойиқ шахсларнинг ҳаракатлари оқибатида қанчадан-қанча фуқаролар ноҳақ айбланиб, ноҳақ судланиб кетган бўлиши мумкин”, дея ёзди Одилжон Тожиев.
Спикери ўринбосарининг фикрича, қонунчиликни мана шу йўналишда такомиллаштириш зарур. Бундай жиноятчи шахслар кўриб чиққан барча материаллар кўтарилиб, қайта кўриб чиқилиши шарт. Шунда адолат тикланади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди раиси судланувчига енгилроқ жазо тайинлаш учун 20 минг доллар талаб қилиб, шундан 2 минг АҚШ долларини олган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланганди. 13 феврал куни эса Когон тумани прокурори Баҳодир Ғуломов қидирувдаги шахсга қўлланган қамоқ эҳтиёт чорасини бекор қилиш ва жиноят иши бўйича енгиллик қилиб бериш эвазига 90 минг АҚШ доллари олаётганда ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди.
Мавзуга оид
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
12:49 / 16.12.2024
Kun.uz танқидидан сўнг: Янгийўл судясининг шубҳали ҳукмига прокуратура протест киритди
12:00 / 11.12.2024
Нетаняҳу коррупция бўйича иш юзасидан судда кўрсатма беришни бошлади
21:00 / 09.12.2024