Навоий вилояти Экология бошқармаси Конимех туман бўлими давлат инспекторлари томонидан навбатдаги назорат рейд тадбири ўтказилди.
![](https://storage.kun.uz/source/10/xw8sAlRjcS_eSkeBe035k3wrzTtPufV2.jpg)
Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабарига кўра, туманнинг “Шўркўл” МФЙ ҳудудидаги рейд давомида фуқаро Й.О. томонидан 5 минг метрлик синтетик тўр ёрдамида табиий сув ҳавзаси ҳудудида 218 бош балиқ ноқонуний овланганлиги аниқланган. Табиатга 1 миллиард 240 миллион 300 минг сўм зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан МЖтКнинг 90-моддаси (ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) 4-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Етказилган зарарни ундириш ва тегишли чора кўриш мақсадида тўпланган ҳужжатлар суд органларига юборилмоқда.