19:27 / 01.06.2024
10964

Теннис ўйнаган Турсунов, боғча очган Азимов ҳамда уй топширган Умрзоқов – ҳокимлар болалар кунини қандай ўтказди?

Бугун болалар билан боғлиқ тадбирларга энг кўп вақт ажратган ҳоким Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бўлди. У кун давомида меҳрибонлик уйи болалари билан теннис ўйнаган, онкологик касалликлар билан оғриган болалар ҳолидан хабар олган ва уйда таълим олувчи ёшлар билан учрашган. Kun.uz вилоят ҳокимлари болалар кунини қандай ўтказгани билан қизиқди. 

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ҳудудларда турли тадбирлар ўтказилди. Айрим ҳудудлардаги тадбирларда шахсан ҳокимларнинг ўзлари иштирок этиб, болаларнинг кўнглини кўтарган. Kun.uz вилоят ҳокимликлари болалар кунини қандай ўтказгани ҳақидаги хабарларни тўплади.

Вилоят ҳокимликларининг расмий каналларида эълон қилинган хабарларга кўра, бугун болалар учун энг кўп вақт ажратган ҳоким Навоий вилояти раҳбари Нормат Турсунов бўлган.

Навоий вилояти ҳокими куннинг биринчи қисмида Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида болажонлар учун бўлиб ўтаётган байрам дастурида иштирок этган. У тадбирда сўзга чиқиб, болаларни байрам билан қутлаган ва совғалар улашган.

Сўнгра Нормат Турсунов Кармана тумани Ўзбeкистон маҳалласида жойлашган “Янги замон болалари” оилавий болалар уйига борган. У ерда ҳоким тарбияланувчилар билан суҳбатлашиб, улардан бири билан стол тенниси ўйнаган.

Куннинг иккинчи ярмида эса Турсунов бахтсиз ҳодиса туфайли уй шароитида таҳсил олаётган Нилуфар Чинпўлатова ҳолидан хабар олган ва унга байрам совғаларини ҳадя этган. Шунингдек, ҳоким вилоят Онкология марказида даво муолажаларини олаётган болалар билан учрашиб, уларга ҳам байрам совғаларини улашган

Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов ҳам бир қаторда тадбирларда иштирок этган. Жумладан, у Косон туманидаги 47-сонли ДМТТ очилишида қатнашган. Тадбирда сўз олган ҳоким бугуннинг ўзида вилоятда 45 та боғча фойдаланишга топширилганини маълум қилган.

 

Бундан ташқари, Муротжон Азимов ҳам Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, бемор болалар ҳолидан хабар олган ва уларни табриклаб, совғалар улашган. 

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов меҳрибонлик уйи битирувчиларига уй топшириш тадбирида иштирок этди. Қайд этилишича, режага мувофиқ 2024 йилда 43 нафар меҳрибонлик уйи битирувчисига уй топширилиши кўзда тутилган. Бугунги тадбирда уларнинг 20 нафарига хонадон калитлари тақдим қилинган.

Қолган ҳудудларда ҳам болалар кунига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтган. Бироқ уларда айнан вилоят ҳокимлари иштирок этгани ҳақида расмий каналларда хабарлар берилмаган. Аксариятида эса вилоят ҳокимларининг тегишли ўринбосарлари қатнашган.  

Top