11:21 / 12.06.2024
2900

АҚШ Хитой ва бошқа давлатлар орқали Россияга чип етаказиб беришни тақиқламоқчи

Фото: Frank Hoermann/Picture alliance

АҚШ яримўтказгичли чипларни агар улар Америка технологиялар ва ускуналари ёрдамида тайёрланган бўлса, Россияга учинчи давлатлар орқали етказилишини тақиқлашга тайёрланмоқда, деб хабар қилмоқда Bloomberg вазиятдан хабардор манбаларига таяниб.

Агентликнинг ҳамсуҳбатларидан бирига кўра, чип ишлаб чиқарувчилар ва сотувчиларининг экспорт лицензиясига нисбатан янги санкциялар қўлланилади. Улар сотишдан аввал АҚШ Савдо вазирлигидан лицензия олиш учун ариза топшириши ва етказиб бериш ҳарбий мақсадларда амалга оширилмаётганини исботлаши керак бўлади. Бу ҳолатда АҚШ четдаги сотувчиларни аниқлаб, уларни Америка чипларининг Россияга етказилиши тақиқлангани тўғрисида огоҳлантириб туради.

Россия билан ишлашда давом этаётган микроэлектроника чип савдоси билан шуғулланувчилар компанияларнинг аксарияти Хитойда жойлашган, дейишмоқда Bloomberg манбалари.

Агентлик маълумотига кўра, ўтган 2023 йилда Россия 1 млрд долларлик илғор чипларни импорт қилган. Москва улардан ракеталар ва жанг майдонидаги бошқа муҳим қурол-яроғлар ишлаб чиқаришда фойдаланган бўлиши мумкин.

Bloomberg манбаларига кўра, Вашингтон Ҳонгконгда жойлашган ва Россияга чиплар етказиб берганликда гумонланаётган саккизта компанияни қора рўйхатга тиркашни режалаштирмоқда. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирбли янги чекловларга тайёргарлик бошланганини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, санкциялар Украинага қарши урушда ишлатиши учун Россияга товарлар харид қилишда ёрдам бераётган компания ва тармоқларга қаратилади. 

Top